Хонанда, раққоса ва қўшиқлар муаллифи Бритни Спирс 21 май пайшанба куни хусусий самолётда шовқин-сурон кўтарди. Воқеа шу даражада жиддий бўлдики, расмий ҳокимият вакиллари рейсдан тушганида уни кутиб олди ва қаттиқ огоҳлантириш берди. Бу ҳақда TMZ хабар берди.

Поп юлдуз ўзининг қўриқчилари билан Мексикадан Лос Анжелес аэропортига учаётган эди. Қўшиқчи самолёт салонида спиртли ичимлик ичиб, очиқчасига тамаки маҳсулотларидан фойдалана бошлаганидан кейин можаро юзага келган. Стюардессалар хавотирга тушиб, унга бундай ҳаракатларини тўхтатишни буюрган, бир нечта огоҳлантиришдан кейин Бритни уларнинг талабини бажарган. Мазкур хабар тарқалгач, Спирс ижтимоий тармоқда вазиятга изоҳ берди:
“Агар кимнидир ранжитган бўлсам, узр сўрайман, лекин негадир стюардессалар доим мени самолётнинг энг охирги қисмига жойлаштиришга ҳаракат қилади ва ўрнимдан турмаслигимни назорат қилади! Аслида мен самолётга чиққан заҳотим уларга ёқмадим.
Дастлабки 20 дақиқа давомида ҳеч ким йўқ эди, лекин улар мени ўрнимдан туришга рухсат бермади. Менга эса туриш зарур эди! Улар ўзларини шунчалик ғалати тутишдики, гўё мени мажбуран жойимга ўтказмоқчидек эди. Улар мени хавфсизлик камарига маҳкам боғлаб, шахсий чегараларимни бузишди ва бу менга ёқмади”, деди хонанда.
Бритнига яқин бўлган одамлар ҳам TMZ нашрига унинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳануз кундалик ҳаётига халақит бераётганини тасдиқлади. Хонанданинг баъзи яқинлари уни васийликдан жуда эрта озод қилишган, деб ҳисоблайди.
Маълумот учун, “Baby One More Time”, “Toxic”, “Everytime”, “Stronger” ва кўплаб ҳит қўшиқлар муаллифи Бритни Спирс фаолияти давомида 36 та мукофот ва 87 та номинацияга эга бўлган. Қўшиқчи Forbes журнали маълумотларига кўра дунёнинг 100 та энг нуфузли ва машҳур инсонлари рўйхатида 6-ўринни эгаллаган, 2010 йилда ўн йилликнинг энг кўп альбоми сотилган хонанда ва дунёдаги учинчи энг нуфузли мусиқачисига айланган. Фаолияти давомида 9 та студия альбомини чиқариб, 30 миллиондан ортиқ пластинкасини сотишга муваффақ бўлган. У “Гремми”, АМА, Billboard Music Awards, MTV Video Music Awards ва Nick Teen Choice Awards каби мукофотларини қўлга киритган.
Изоҳ (0)