Ижтимоий тармоқларда “Қўйлиқ” бозорини тўлиқ бузилиш бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги савдо фаолияти тўхтатилмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, илгари муқобил савдо жойларини тайёрлаш зарурати туфайли тўхтатилган “Қўйлиқ” бозори ҳудудининг бир қисмини реорганизация қилиш ва ободонлаштириш ишлари қайта тикланди.
“Ҳозирда бозор янада тартибли ҳолга келтирилган — тадбиркорлар учун жойлар яратилди ва ҳудуддаги ишлар фаол давом этмоқда. Барча ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, шу билан бирга савдо фаолияти тўхтатилмаган”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Пойтахт ҳокимлигининг билдиришича, бозор ёпилмаяпти, балки унинг фаолияти оптималлаштирилмоқда — тартиб ўрнатиш, санитария шароитларини яхшилаш, инфратузилмани янгилаш ва умумий хавфсизлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, келгусида жорий этиладиган рақамлаштирилган тизим солиқ тўловларининг шаффофлигини таъминлаш имкониятини яратади. Бу эса ўз навбатида, яширин иқтисодиётнинг бозордаги таъсирини камайтиришга ёрдам беради.
“Афсуски, ўзгаришлар бошланишидан олдин бозор ҳудудида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган эди, бу ҳақда фуқароларнинг мурожаатлари ҳам гувоҳлик беради. Улар орасида — жиноятчилик хавфи, эскирган коммуникациялар сабабли юзага келган майда ёнғинлар, санитария меъёрларининг бузилиши, шунингдек, қулайлик ва одамлар саломатлигига хавф солувчи тартибсиз савдо ҳолатлари мавжуд эди”, дейилади хабарда.
Ҳокимлик бундай ҳолатлар эътиборсиз қолдирилиши мумкин эмаслигини, шу сабабли тизимли қарор қабул қилингани, бозор халқаро ва замонавий шаҳар стандартларига мос ҳолга келтирилаётганини билдирди. Хабарда айтилишича, барча ишлар якунлангач, бу ҳудуд тадбиркорлар ҳамда ташриф буюрувчилар учун янада қулай, хавфсиз ва шинам маконга айланади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, “Юнусобод” бозори ҳудудининг бир қисмида реконструкция ишлари ҳам бошланган. Асосий мақсад — тадбиркорлар ҳамда бозор ташриф буюрувчилари учун қулайлик, тартиб ва хавфсизликни оширишдан иборат.
Аввал ушбу ҳудудда 180 та автомобиль учун тўхташ жойлари мавжуд эди. Ишлар олиб борилаётган даврда Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб, жумладан йўл ўтказгич остида, 350 га яқин тўхташ жойи ташкил этилди. Бу ташриф буюрувчилар учун бозорга кириш имкониятини сақлаб қолади.
Илгари автотураргоҳда автомобиллардан тартибсиз савдо амалга оширилган бўлиб, бу тартиб ва ўтиш йўлларига салбий таъсир кўрсатган. Эндиликда бу ҳолат тартибга солинмоқда — автомобиллардан савдо қилган шахслар 50 метр ичкарига, махсус ташкил этилган ҳудудга кўчирилмоқда. Бу ерда улар савдо қилиши учун янада қулай ва хавфсиз шароитлар яратилган.
“Қўйлиқ” бозори ҳақида
Пойтахт ҳокимлиги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида 2021 йил декабрда “Қўйлиқ” бозори кўчирилиши ҳақида хабар берган эди. Мазкур эълондан сўнг бозор бузилишидан норози одамлар кўчага чиққан, турли низолар юз берганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги реконструкция даврида “Қўйлиқ”да иш олиб бораётган савдогарларга 6,5 километр узоқликда жойлашган, янги қурилган Food City бозори ёки Ташкент Индехъга кўчишни тавсия қилганди. Муҳокамалар авж олгач, ҳокимлик “Қўйлиқ” деҳқон бозорининг тўлиқ ҳудуди давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши кўзда тутилмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)