Наманган шаҳридаги 34-сонли мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят ЙҲХБ маълумот берди.

Унда айтилишича, битирув оқшоми муносабати билан 25 нафар синфдош олдиндан автомобиллар буюртма қилиб, Давлотобод туманидаги йўлга чиққан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланган болалар ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Ҳолат юзасидан чора кўрилди. Вилоят ЙҲХБ раҳбарияти томонидан мактаб масъуллари, ўқувчиларнинг ота-оналари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари ҳамда маҳалла раиси иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Ҳолатга алоқадор бўлган барча транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди, ҳайдовчиларга нисбатан эса маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Суриштирувлар давомида ушбу ҳолатда ўқувчилардан бирининг отаси ўзи ҳам қатнашгани маълум бўлди.
“Мен 9-синф битирувчиларни, ўз ўғлим бўлган, жияним бўлган, илтимос, эсдалик қолади, дегани учун олиб чиқдим. Қилган ишимиз нотўғри экан. Ундай қилманглар, афсусдамиз”, дейди ота.
Шавкат Мирзиёев 15 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида ҳар ойда 10-15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётганини, ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўплигини айтганди.
Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.
Наманганда автомобилни вояга етмаганлар бошқариши оқибатидаги ЙТҲлар
2024 йилнинг апрель ойида Наманганда 11-синф ўқувчиси Lacettiʼда икки талабани уриб юборганди. 2024 йилнинг ноябрида эса Наманган шаҳрида 9-синф ўқувчиси бошқарган Gentra автомобили иштирокида автоҳалокат содир бўлганди. 2025 йил апрелида Наманган вилоятининг Давлатобод тумани ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган мактаб ўқувчиси Nexia-3 машинасини бошқариб бориб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва юк автомашинаси билан тўқнашганди. Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида эса 10 синф ўқувчиси отасига тегишли Cobaltʼда 4-синф ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди.
Наманган вилояти ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев автомобилларни ижарага берувчи Telegram гуруҳ ва каналларининг аксарият аъзолари мактаб ўқувчиларидан иборатлигини айтганди.
Изоҳ (0)