Президент Шавкат Мирзиёев раислигида дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг мамлакатимиз соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади. Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини кескин қисқартириб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади.
Асбоб-ускуна, хом ашё, махсус техника, транспорт импортида мамлакатимизда тан олинадиган хорижий юқори сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади, улар импорт қилинаётганда миллий сертификат олиш талаб қилинмайди.
“Бир сўз билан айтганда, биз маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириб, уни реализациясидаги назоратни кучайтирамиз. Бу халқаро амалиётда ўзини оқлаган”, деди президент.
Мутасаддиларга “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Умуман, синов ва сертификатлаштириш бўйича давлат лабораториялари хусусий секторга инвестиция киритиш шарти билан берилса, соҳада сифат ва рақобат бўлиши, хизмат нархи тушиши кўрсатиб ўтилди.
Президент бизнес учун тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
“Маҳаллий корхоналаримизга йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қиммат бозорларга янги-янги маҳсулотлар билан киришига шароит яратишимиз зарур”, деди давлат раҳбари.
Лекин айрим товарлар бозорларга сунъий пасайган нархда кириб келаётгани, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрнини заифлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, ўзимизда чиқаётган таннархи 220 долларлик кичик музлатгич бозорда ўртача 250 доллардан сотилаётгани учун 30 доллар ҚҚС тўланади.
Худди шундай музлатгичнинг импорт нархи сунъий пасайтирилиб, 25 доллар кўрсатилгани учун бор-йўғи 3 доллар ҚҚС олиняпти. Яъни ишлаб чиқарувчи импортга нисбатан 10 карра кўп солиқ тўлаяпти.
Янги фармон билан эндиликда четдан олиб келинаётган товарларни божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади.
Изоҳ (0)