Наманган шаҳар ҳокими ҳудудларда ноқонуний ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраб вилоят ЙҲХБ бошлиғига хат йўллаганди. Жавоб хатидан маълум бўлишича, шаҳар ҳокимлиги хизмат автомобилларида сурункали қоидабузарликлар содир этилган.

Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев хатида Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманларида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид равишда ўрнатилган камераларни КААТ тизимидан ўчириш ҳамда улар томонидан қайд этилган қоидабузарликларга жарималар қўллаш ишларини тўхтатиш сўралганди.
Вилоят ЙҲХБ бошлиғи хатида келтирилишича, Наманган шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги Captiva’да 2024 йил ва 2025 йилда жами 47 та қоидабузарлик содир этилган бўлиб, 11 та ҳолатда 8 миллион 170 минг сўм муддати ўтган тўланмаган жарималар бор.
Шаҳар ҳокимлигининг яна 4 та транспорт воситалари 41 та қоидабузарлик бўйича 18 миллион 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги 6 та автомобилнинг 46 та қоидабузарлиги бўйича 16 миллион 307 минг сўм миқдорида муддати ўтган тўланмаган жарималари борлиги маълум қилинган.
“Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфида бўлган транспорт воситалари томонидан содир этилаётган сурункали қоидабузарликларни танқидий муҳокама қилишингиз ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш учун муддати ўтган жарималарни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз”, дейилади Наманган вилояти ЙҲХБ бошлиғи жавоб хатида.
Унда, шунингдек, йўл ҳаракати қоидабузарлигини қайд этувчи қурилмалар қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан чора кўриш ҳамда автомобиль йўлларида тартибли ҳаракатланишни таъминлаш орқали инсон хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришга хизмат қилаётгани қайд этилган.
Апрель ойининг ўрталарида Андижонда фуқаро йўл қоидабузарликларини қайд этувчи 52 та камерага пневматик милтиқдан ўқ отганди. Бунинг оқибатида 1 миллиард 147 миллион сўм моддий зарар етказган. Унга нисбатан жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)