Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳри, вилояти ва Самарқанднинг икки туманида пора олган мансабдорлар ушланди.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтдаги туманлардан бирининг мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи умумий ўрта таълим мактабида тарих фанидан сабоқ берувчи ўқитувчини мазкур тумандаги мактаблардан бирига директор лавозимига тайинлаш эвазига ўз хизмат хонасида 3 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса, “Янгийўл” ТИФ божхона пости инспектори хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ҳолда, Қозоғистондан буғдой олиб келиб, қайта ишлаш билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан қўшни давлатдан темирйўл орқали олиб кирилаётган буғдой маҳсулотлари ортилган вагонларни божхона кўриги ҳамда расмийлаштирувидан муаммосиз ўтказиб бериш эвазига учинчи шахс орқали 2700 доллар олган вақтида ушланган.
Самарқанд вилояти Жомбой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, 1988 йилда туғилган фуқарога яшаш хонадонида хусусий мактабгача таълим муассасаси очиши учун унинг турар жойи ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига таъмагирлик йўли билан 200 доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга туманда каръер фаолиятини амалга ошириши учун экологик хулоса бериш, Қарнаб қишлоғидаги “Наквойсой” ҳудудидан тош-шағал қазиб олишига рухсат бериш ҳамда келгусида МЧЖ фаолиятига раҳнамолик қилиш учун 2 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
21 апрель куни Жиззахда газ таъминоти бўлими ходими фирибагрликда айбланиб, ушлангани хабар қилинганди. У 10 млн сўм эвазига янги газ ҳисоблагич ўрнатиб, қарздорлигини йўқ қилиб беришини ваъда қилган. 16 апрель куни Тошкентда уч кишини Қашқадарёга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушлангани маълум қилинди.
Сурхондарёда судьяга 1000 доллар пора таклиф қилган адвокат ушланди. Андижон, Бухоро, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги адвокатлик бюросида фирибгарлик қилганлар ҳам фош этилганди. Хусусан, Андижонда адвокат стажёри ва шериги 34 минг долларни ноқонуний олаётганида қўлга тушган.
Ўзбекистонда 2024 йилда жами 6898 нафар шахс томонидан 5716 та коррупцияга оид жиноят содир этилган.
Изоҳ (0)