Муносиб турмушнинг асосий шартларидан бири — яхши ҳақ тўланадиган доимий иш жойига эга бўлиш. Мамлакатимизда янги иш ўринлари яратишга қай даражада эътибор берилмоқда? Яратилаётган иш ўринлари сифат ва миқдор жиҳатдан эҳтиёжларимизга жавоб берадими?
“Дарё” мухбири тарих фанлари доктори, профессор Анвар Йўлдошевга бандлик соҳасига доир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
— Анвар ака, бугунги кунда “ўзини-ўзи банд қилганлар”, “давлат томонидан банд қилинганлар”, шунингдек, “мавсумий меҳнат ўринлари” каби тушунчалар мавжуд. Буларни тўлақонли иш ўринлари дея оламизми?
— Йўқ, албатта, уларни тўлақонли иш ўринлари дея олмаймиз, чунки уларда ижтимоий ҳимоя пакетлари мавжуд эмас. Яъни таътил пули, фарзанд кўрган аёллар учун декрет пули, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, касаба уюшмаси томонидан бериладиган йўлланмалар ва бошқа имтиёзлар йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июнда қабул қилинган қарорида аҳоли қайси соҳаларда ўзини-ўзи банд қилиши мумкинлиги, бундай фаолият тури учун қанча солиқ тўланиши белгиланган бўлса-да, ижтимоий ҳимоя масалалари акс этмаган. Қонун чиқарувчи органларимиз бу масала устида ишлаши керак. Умуман, бандлик бўйича бошқа муаммолар ҳам бор. Ўзбекистон аҳолиси 37,5 миллионга етди. Шундан 56,5 фоизи, яъни 21 миллиони меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли. 32 фоизи болалар. 11 фоизи эса кексалар. Меҳнатга лаёқатли аҳолимизнинг 14,5 миллиони иш билан таъминланган. Лекин қолганлари...
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша 14,5 миллион аҳолининг ҳаммаси ҳам юқорида айтилганидек ижтимоий пакетга эга иш ўринларида меҳнат қилмайди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 45 фоизи яширин иқтисодиётда ишлаяпти. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Россияда бу рақам 33 фоизни, Қозоғистонда эса 18 фоизни ташкил этади. Охирги маълумотларга қараганда, 2,5 миллион аҳолимиз ўзини-ўзи банд қилган ҳисобланади. Шулардан уч мингга яқини бир йилда юз миллион сўмгача, яна икки мингга яқини юз миллиондан кўпроқ, икки юз нафари эса бир миллиард ва ундан юқорироқ даромад олади. Ҳаммасини қўшсак, тахминан 5200 нафар бўлади.
Аммо ўзини-ўзи банд қилган 2,5 миллион аҳолимизнинг қолган катта қисми бундай фойда кўролмайди. Устига-устак, улар ижтимоий ҳимоя пакетларига ҳам эга эмас. Мана шу масала бугунги кунда раҳбариятимиз, ҳукуматимиз, Парламентимизнинг эътиборида бўлиши ва ҳал қилиниши керак бўлган долзарб вазифалардан биридир.
— 2023-24-ўқув йилида 414 минг ўғил-қиз умумтаълим мактабларини, 220 мингдан ортиқ йигит-қизлар олий таълим муассасаларини битирди. Кўриниб турибдики, янги иш ўринлари яратишга эҳтиёж жуда кучли ва йил сайин ошиб бормоқда. Ҳукумат бу эҳтиёжни қанчалик қондира оляпти?
— 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, олий таълим муассасаларини битирганларнинг 113 856 нафари ўз иш жойига эга бўлган. Аммо 80 560 нафари иш билан таъминланмаган. Уларнинг тақдири ҳаммамизни қизиқтириши керак. Бундан ташқари, профессионал таълимни тамомлаган 113 856 нафар фарзандларимиз иш билан таъминланган-у, аммо 74,5 минг нафари ишсиз. Мактаб битирувчиларига келсак: ўтган йили 411 671 нафар ўғил-қиз мактабни битирди.
Аммо шулардан фақат 228 минг нафари иш билан таъминланди. 183 минг нафари ҳали ҳам иш топа олмаган. Бу жамиятимиз олдида турган муаммолардан биридир. Шунингдек, ўтган йили ҳарбий хизматни тугатган 24575 нафар юртдошимиздан деярли 3 минг нафари иш билан таъминланмаган.
— Анвар ака, институтларга, университетларга талаба қабул қилаётганда қандай талаблардан келиб чиқилади? Кўпроқ аҳолимиз олий маълумотли бўлиши керак деган мезонданми ёки ҳар бир битирувчи кафолатланган иш ўрнига эга бўлиши керак, деган мезонданми?
— Илгари ҳар бир институтда буюртмалар портфели мавжуд бўлган. Мисол учун, педагогика йўналишидаги ОТМлари қайси фанлар бўйича қанча ўқитувчи кераклигидан келиб чиқиб ўрин ажратар эди. Ўқишга бир йилда эллик саккиз мингга етар-етмас одам қабул қилинган. 2017 йилдан бошлаб квоталарни ошириш бошланди. Янги ОТМлари очилди, хусусий университетлар сони ортди, қамров кенгайди. Битирувчиларнинг ҳаммаси ҳам иш билан таъминланмаётганига эътироз билдириш мумкин, аммо олий маълумотга эга бўлганлар сони қанча кўп бўлса, шунча яхши.
Мисол сифатида айтишим мумкинки, Испанияда ҳам олий маълумотлилар ўртасида ишсизлик жуда кучли. Аммо Испанияда вазият шундай экан деб қўл қовуштириб ўтириш ярамайди. Битирувчиларнинг ҳар бири иш билан таъминланиши шарт! Вазиятдан чиқишнинг чораларидан бири сифатида қонуний миграция масаласини ҳал этиш лозим. Бу бутун дунёда қўлланадиган амалиёт. Албатта, бу масалада фақатгина Россияга қараб қолмасдан, тизимни диверсификация қилиш орқали географияни кенгайтириш керак.
Бугунги кунда Ўзбекистон Ҳукумати йигирмадан ортиқ давлатлар билан ташқи миграция бўйича турли хил келишувларга эришяпти. Модомики, ҳозирча битирувчиларга ўзимизда иш топиб беролмаётган эканмиз, хорижда иш билан таъминлашнинг ёмон жойи йўқ. Бутун дунёда эллик беш-олтмиш миллион аҳоли доимий миграцияда юради. Асосийси, жараён қонуний бўлиши керак.
— Миграция масаласини кўтардингиз. Ўзбекистонда иш тополмаган ёки иш топса ҳам маошидан қониқмаган кўплаб юртдошларимиз хорижда меҳнат қилишмоқда. Уларнинг катта қисми ҳали ҳам Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Лекин, кейинги пайтларда Россияда миграция сиёсати жуда кескинлашди. Мигрантларни бир неча соҳаларда ишлаш тақиқланди. Бундан ташқари, рус тилини билмайдиган болалар мактабга қабул қилинмайди. Бу қадар қатъийлашаётган миграция сиёсати эртами-кечми юз минглаб, эҳтимол миллионлаб юртдошларимизни яна Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур қилади. Бу ижтимоий муаммоларни келиб чиқармайдими? Ахир уларнинг ҳаммасини ҳам Европага ёки Японияга ишга жўнатишнинг имкони йўқ-ку.
— Биринчиси, ташкиллаштирилган миграцияни қонунийлаштириш ва кенгайтириш керак. Бунинг учун чет элга меҳнат қилиш учун кетаётган аҳолига ўша мамлакатнинг тили, қонунлари ва урф-одатлари Ўзбекистоннинг ўзида ўргатилиши лозим. Масалан, Германия эллик минг иш ўрнига квота ажратди, лекин ҳар бир даъвогар немис тилини билиши керак деган шарт қўйди. Россия ҳам шуни талаб қиляпти. Агар юртдошларимиз четда меҳнат қилишига тўғри келаётган экан, шу талабларни бажариш керак.
Бошқа тарафдан, Россия мигрантларсиз яшай олмайди. Россияга ўн беш миллион мигрант керак. Ишчи кучига эҳтиёж юқори. Ҳозир у ерда мигрантларнинг умумий сони етти-саккиз миллиондан ортиқ эмас. Кўпчилик мамлакатни тарк этди. Оқибатда Россияда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, коммунал соҳалар оқсаб қолди. Россия ҳукумати миграцияга қарши эмаслигини, аммо у қонуний бўлишини хоҳлаяпти.
Шу мавзудаги олдинги суҳбатларимиздан бирида Ўзбекистон ИИВ Россия ИИВ билан мигрантлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласида ҳамкорликни йўлга қўйиши керак, деган фикр билдирган эдик. Ҳозир шу ғоя амалга ошмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари Россияга хизмат сафарига юборилмоқда. Россияликлар меҳнат муҳожирларига қанчалик эҳтиёж сезса, биз ҳам у ерга мигрантларни жўнатишдан шунчалик манфаатдормиз. Чунки бунинг ортидан катта маблағ келяпти.
Ўзбекистонда 2018-2023 йилларда аҳоли даромадининг 16 фоизи мигрантлар улушига тўғри келган. Чет элларда ишлаётган юртдошларимиз ҳар йили Ўзбекистонга ўн икки-ўн беш миллиард доллар жўнатади. Бу Марказий банк маълумотлари. Бу кўрсаткичда Россиянинг улуши йилдан йилга пасаймоқда. 2022 йилда жами жўнатмаларнинг 87 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2023 йилда 77 фоизга тушди. Жанубий Корея, Хитой, Саудия Арабистони, Польша, Британиядан юборилаётган маблағлар миқдори эса ортмоқда.
Тўғри, ҳозирча Россия барибир етакчилик қилмоқда. Масалан, Россиядан 10 миллиард доллар юборилган бўлса, Қозоғистондан 600 миллион, Польшадан 40-50 миллион атрофида. Фарқ катта, аммо юқорида айтилганидек, бошқа давлатларнинг улуши ортаётгани ижобий ҳолат.
— Ижтимоий ислоҳотлардан кўзланган мақсадлардан бири камбағалликни қисқартириш. Бу борада катта тажриба тўплаган давлатлар кўп, мисол учун Сингапур қисқа вақтда учинчи дунёдан биринчи дунё мамлакатига айланди. Хитой юз миллионлаб аҳолини камбағаллик даражасидан чиқарди. Биз бу давлатлардан нималарни ўрганишимиз мумкин?
— Хитой 1978 йилдан 2020 йилгача аҳолининг 90 фоиздан кўпроғини камбағаллик даражасидан чиқаришга муваффақ бўлди. Хитой қишлоқ хўжалигига асосланган давлат эди. Янги иқтисодий сиёсат орқали шундай натижага эришди. Биз Хитойдан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин: қишлоқ хўжалиги қай тарзда оёққа турғизилди, урбанизация қандай ривожланди, саноатлашиш ниманинг ҳисобига юз берди ва натижада камбағаллик кескин пасайди – Ўзбекистон ҳукумати бу ислоҳотларни фаол ўрганмоқда.
Сингапур ҳам олтмишинчи йилларда энг қашшоқ, коррупция ботқоғига ботган давлатлардан бири эди. Орадан қисқа вақт ўтиб, Ли Куан Ю бошчилигида энг бой давлатлар қаторига кўтарилди. Ялпи ички маҳсулот киши бошига тўқсон минг доллардан юқори. Германия мисолида гапирадиган бўлсак, Иккинчи жаҳон урушидан кейин уни ким қайта қурди? Туркиялик меҳнат муҳожирлари. Бунинг учун турк ва немис ҳукумати вакиллари ҳар бир ишчи айнан қаерда меҳнат қилади, қанча маош олади, қачон ватанига қайтиб кетади – ҳаммасини олдиндан келишиб олишган. Яъни қонуний миграция ташкил этилган. Очиғини айтайлик, бизнинг айрим юртдошларимиз Россияга боргандан кейин бир оз вақт ўтиб барча таниш-билишларини чақириб олади. Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг тўртдан уч қисми қонуний мақомга эга эмас десак, муболаға бўлмаса керак...
Биз урбанизация жараёнларини жадаллаштиришимиз керак. Катта шаҳарлар қанчалик кўп бўлса, улар ён-атрофдаги қишлоқлар, туманлар аҳолисини ҳам иш билан таъминлаш имконини беради. Шунингдек, саноатни ривожлантириш талаб этилади. Ўзбекистонда ҳар йили 20 миллион тоннадан кўпроқ қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштирилади. Лекин шундан 2 миллион тоннасини ҳам экспорт қила олмаймиз.
Борди-ю экспорт қилсак ҳам тайёр маҳсулот кўринишида эмас, хом ашё сифатида сотамиз. Қайта ишлаш йўлга қўйилса озмунча одам иш ўрнига эга бўладими? Нима учун пахтани тайёр маҳсулот кўринишида эмас, тола сифатида сотишимиз керак? Бангладеш Ўзбекистондан 600 минг тонна тола сотиб олади. Бундан оладиган фойдамиз бир миллиард долларга ҳам бормайди. Бангладешнинг ўзи эса ўша толани қайта ишлаш ҳисобига 10 миллиард доллардан кўпроқ фойда топади. Ваҳоланки, Бангладеш дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири.
— Мутахассислар иш ўринларини кўпайтиришнинг самарали усули сифатида мултипликатив эффект берадиган мураккаб саноатни ривожлантиришни тавсия этишади. Мисол учун, автомобиль саноати. Автомобиль ишлаб чиқариш ривожланса, эҳтиёт қисмлар тайёрлайдиган корхоналар сони ортади...
— Тошкентда Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси (“ТAPОиЧ”) бор эди. Шу заводда ўттиз минг одам меҳнат қилган. Энг асосийси, яна икки мингта заводдан турли эҳтиёт қисмлар олар эди. Битта завод жами қанча одамни иш билан таъминлаши мумкинлигини кўряпсизми? Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни қачон ўзимизники деб айта оламиз? Қачонки локализация даражаси 60 фоиздан ошса.
Бунинг учун Хитойдан, Кореядан олиб келинаётган эҳтиёт қисмларнинг Ўзбекистоннинг ўзида, турли вилоятлардаги мавжуд ёки янги қуриладиган заводларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак. Шунда “бу автомобиль Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” дея оламиз. Бугун локализация жараёни босқичма-босқич амалга ошириляпти.
Автомашинангиз учун бирон эҳтиёт қисм харид қилиш мақсадида дўконга борсангиз, Ўзбекистонда, Хитойда ва Кореяда ишлаб чиқарилган намуналари териб қўйилган бўлади. Қимматроқ бўлса ҳам Кореяда тайёрланганини сотиб оласиз. Чунки сифатига кафолат бор. Демак ўзимиз ҳам сифатли деталлар тайёрлашни ўрганишимиз керак, шунда саноат ҳам ривожланади, аҳоли даромади ҳам ортади.
— Хабарингиз бор, 2025 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда қашшоқликни аниқлашнинг янги мезонлари жорий этилмоқда. Илгари маълум бир оиланинг қанча даромад топаётгани ва қанча маҳсулот истеъмол қилаётгани ҳисобланган бўлса, энди таълим, тиббий хизмат ва бошқа кундалик эҳтиёжлар ҳам қамраб олинади. Умуман олганда, катта табиий бойликларга эга бўлган, Ғарб ва Шарқ чорраҳасида жойлашган мамлакатда камбағал аҳоли бўлишини қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?
— Араб мамлакатларида, жумладан Саудия Арабистони, БААда қазилма бойликлардан олинадиган фойдадан аҳолига улуш берилади. Бир пайтлар Ливияда ҳам шундай тажриба бор эди. Адашмасам, бир-икки йил олдин Қозоғистонда шунга ўхшаш қарор қабул қилинди — ҳар бир туғилган болага ерости бойликларидан келиб тушадиган маблағдан улуш бериш.
Савол пайдо бўлади: Ўзбекистонда ерости қазилма бойликлари йўқми ёки бизда чақалоқлар туғилмаяптими?.. Қазилма бойликлар аввало, халққа тегишли. Давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳам халқнинг ўзи. Демак, табиий бойликлардан фуқароларга улуш берилиши керак. Дейлик, янги туғилган чақалоққа то у 18 ёшга тўлгунга қадар улуш бериб борилса, вояга етгандан кейин у ўша пулни таълим олишга ёки уй харид қилишга сарфлаши мумкин.
Яъни вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ўғил-қизларимизнинг ўзида ҳам ишонч пайдо бўлади. “Пойдевор бор, бинони ўзим кўтараман” деган мотивация шаклланади. Яхши ният — ярим давлат, дейдилар...
Изоҳ (0)