Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестициялар даромадлилиги ўрганилди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда. Хусусан, 2024 йил февралда пойтахтда кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги ўртача 32,4 фоизни ташкил қилган бўлса, октябрда ушбу кўрсаткич 12,2 фоизгача тушди. Ушбу кўрсаткич уй-жой жойлашган ҳудуд ва хоналар сонидан келиб чиқиб, бир биридан сезиларли даражада фарқланади:
- 1 хонали: Мирзо Улуғбек – 2,3 фоиз (февралда – 25,7 фоиз), Шайхонтоҳур – 17 фоиз (50 фоиз);
- 2 хонали: Сергели – 7,4 фоиз (19,4 фоиз), Шайхонтоҳур – 17,2 фоиз (59 фоиз);
- 3 хонали: Бектемир – 3,2 фоиз (33,7 фоиз), Юнусобод – 13,7 фоиз (48,7фоиз);
- 4 хонали: Бектемир – 2 фоиз (37,9 фоиз), Юнусобод – 17 фоиз (39,8 фоиз).
Уй-жойнинг инвестицион даромадлилиги уй-жой нархлари йиллик ўзгаришидан олинадиган даромад ҳамда уларни ижарага беришдан келадиган йиллик даромад йиғиндиси асосида ҳисобланган.
Уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган даромад
2024 йил февралда пойтахтда уй-жой ва ижара нархлари нисбатан юқори бўлган ҳудуд — Шайхонтоҳур туманида уй-жой нархлари кўтарилиши ҳисобига кўрилиши мумкин бўлган фойда ўртача 35,8 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 5,5 фоизгача тушди. Шунингдек, октябрда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Миробод (23,2 фоиздан 1,9 фоизга) ва Яккасарой (16,1 фоиздан 3,5 фоизга) туманларида сезиларли даражада пасайган.
Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида уй-жой нархларининг ўсишдан деярли тўхташи ёки бир оз арзонлашиши натижасида октябрь ойида мазкур ҳудудларда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромадлилик мос равишда -2,6 фоиз ва -2,4 фоизни ташкил этган (февраль ойида 24,6 фоиз ва 15 фоиз).
Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад
2024 йил октябрда уй-жойлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад Шайхонтоҳур туманида 10 фоиз (февралда 11,6 фоиз), Миробод туманида 9,8 фоиз (10,4 фоиз), Яккасарой туманида 9,5 фоизни (10,5 фоиз) ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган туманлар — Сергелида 9,3 фоиз (8,4 фоиз), Учтепада 9,7 фоиз (8,6 фоиз), Чилонзорда 9,3 фоиз (9,3 фоиз) ва Олмазорда 9,1 фоизни (9,4 фоиз) ташкил этган. Ушбу рақамлар ижарадан келадиган ўртача даромад ўсиши секинлашганидан далолат беради.
Таққослаш учун, 2023 йил январдан 2024 йил сентябргача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 21 фоизни ташкил этган.
Даромадлилик даражаси бўйича 1 ва 2 хонали хонадонларнинг инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланади. 2024 йил февраль ойида 1 ва 2 хонали хонадонларга йўналтирилган инвестициялар даромадлилиги мос равишда 35,6 фоиз ва 30,8 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткичлар 16,7 фоиз ва 12,2 фоизга тушди. Мазкур даврда 3 ва 4 хонали хонадонлар учун ҳам даромадлилик кўрсаткичи сезиларли даражада тушган (мос равишда 10,1 фоиз (февралда 33 фоиз) ва 9,9 фоиз (30,3 фоиз)).
“Ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо, узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳимдир. Шу йўл билан аҳоли жамғармалари нафақат сақланиши, балки миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция қилиб, янада кенгроқ ривожланиш имконини беради” дейилади таҳлилда.
Таҳлилда фойдаланилган маълумотлар olx.uz платформасидан веб-скрейпинг (web-scraping) орқали олинган бўлиб, бунда ижара нархи учун 740 мингга ва сотув нархи учун 1,500 мингга яқин маълумотлардан фойдаланилган.
Ўзбекистонда уй-жой бозори
Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари республикада уй-жой ва ипотека бозоридаги фаоллик даражасини таҳлил қилганди. Унга кўра, 2024 йилнинг III чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди. Хусусан, июль сентябрь ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 861 та шартнома расмийлаштирилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, октябрь ойида кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10 фоиз) сезиларли ўсди, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1 фоиз) ва Жиззах вилоятида (+7,5 фоиз) ижобий ўзгаришларни кўрсатди.
Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлигини кўрсатди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 ноябрдаги қарори билан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қарор билан субсидиялар билан қопланадиган фоиз тўловлари миқдорига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда янги кредитлар учун йиллик 12 фоиздан юқори қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан беш иш куни ичида тўланади.
Изоҳ (3)
Nimaga yozganim ko'rinmayopti
salom
Qalaysila