Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкентдаги International ва Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхоналари сотилганини эълон қилди.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган International меҳмонхонасини сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги аризалар Араб, Шарқий Осиё ва Европа давлатларидаги 6 нафар халқаро ҳамда маҳаллий инвесторлар томонидан келиб тушди.
Ушбу меҳмонхонани сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган Smart Fast Stroy МЧЖ 26 млн АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.
Шу билан бирга, инвестор InterHotel МЧЖдаги 100 фоиз давлат улушини 26 млн АҚШ долларига сотиб олиш билан бирга жамиятнинг тегишли банк олдидаги 14,7 млн евро миқдоридаги кредит қарздорлигини ҳам қабул қилмоқда. Инвестор томонидан битим доирасида 41 млн АҚШ долларидан кўп маблағ йўналтирилади.
International меҳмонхонаси 2024 йилнинг май ойида сотувга қўйилганди. Меҳмонхона 232 та хона, 7 та конференс зал, 2 та ресторан, барлар, ёзги терраса, фитнес-клуб ва бассейнни ўз ичига олади. Умумий 3 гектар ер майдонида 44,903 квадрат метр бино ва иншоотлар жойлашган.
2024 йил 19 апрелда қабул қилинган президент қарорига кўра, 7 та йирик компаниядаги, шу жумладан, InterHotel МЧЖдаги давлат улушлари профессионал консултантларни жалб қилган ҳолда, 2025 йилнинг охиригача халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланганди.
Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасини сотиб олиш бўйича МДҲ, Жанубий Осиё ва Европа давлатларидаги 15 нафар халқаро ҳамда маҳаллий инвесторлар томонидан аризалар келиб тушган. Улардан фақат 3 таси мажбурий бўлган таклифларни тақдим этган.
Ушбу меҳмонхонани сотиб олиш учун қўйилган талабларига қатъий риоя этган ҳолда бошқа талабгорларнинг тижорат таклифидан юқори нарх таклифини билдирган Alfa Invest суғурта компанияси АЖ 20 млн АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилган.
Инвесторга Lotte меҳмонхонаси ташқи кўринишининг архитектура қиёфасини инобатга олган ҳолда келгусида ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишларини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш бўйича қатъий талаб қўйилган.
Изоҳ (0)