АҚШ президенти Жо Байден Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерини танқид қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Байденнинг сўзларига кўра, Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида тенглик мавжуд эмас.
Халқаро жиноят судининг (ХЖС) Исроил раҳбариятига қарши ҳибсга олиш ордерини чиқариши ғазабланарли ҳолат. Яна бир бор аниқлик киритмоқчиман: Исроил ва ҲАМАС тенг эмас. Биз доимо Исроилнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидларга қарши унинг ёнида турамиз, дейилади баёнотда.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер эса ХЖС терговининг жиддийлигига АҚШ шубҳа билдиришини айтди.
Прокурор Исроилга конструктив ҳамкорлик қилиш ва ўз ички жараёнларини тегишли тарзда кўриб чиқиш учун муҳим имконият бермади. Бу эса прокурорлар томонидан ўтказилган тергов ва улар бугун қабул қилган қарорнинг ишончлилигига шубҳа туғдирмоқда, деди у.
Нетаньяхуни ҳибсга олиш ордери
21 ноябрь куни ХЖС Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантга Ғазо секторидаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлари учун қамоққа олиш ордерини чиқарди.
ХЖС прокурори Карим Хон май ойида Нетаньяху ва Галант 2023 йил октябрь ойида бошланган Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар давомида содир этилган ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканини айтди.
Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел ХЖСнинг Нетаньяху ва Галантни қамоққа олиш учун ордер чиқариш тўғрисидаги қарори Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари учун мажбурий эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)