Германия аэропорти божхоначилари 14 июль куни қандолат қутиларига яширилган 1 500 га яқин тарантула (ўргимчак) мусодара қилингани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Euronews хабар қилди.

Божхона ходимлари тарантула тўла юкни Кёльн-Бонн аэропортига Вьетнамдан келган пакет ичидан топган. Бошқарма матбуот котиби Йенс Аҳланднинг таъкидлашича, 7 килограммлик қандолат маҳсулотларидан “ўзгача” ҳид таралган.
“Аэропортдаги ҳамкасбларим ҳар қандай турдаги тақиқланган маҳсулотларга гувоҳ бўлган. Аммо, 1 500 га яқин ёш тарантулалар контрабандаси бизни ҳайратда қолдирди”, дейилади Аҳланд баёнотида.
Ўргимчакларнинг кўпчилиги саёҳатдан омон қолмагани айтилган. Даъво қилинишича, ҳашаротларнинг ҳалок бўлиши Германия ҳайвонларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузган. Тирик қолган ўргимчаклар экспертларга топширилган.

Ҳашаротлардан фойда олиш мақсадида контрабанда қилиш ноодатий ҳол эмас. Май ойида Кения суди меҳмонхонада 5000 та чумоли билан қўлга тушган икки ўсмирга ҳукм чиқарганди. Унга кўра, ўсмирларга 7 700 доллар миқдорида жарима ёки 12 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Тарантуллар (Lycosa) – ўргимчакбўрилар оиласига мансуб ўргимчаклар уруғи. Танасининг узунлиги 3,5 сантиметргача бўлади. У серҳаракат катта ва тукли ўргимчак бўлиб, сизот сувлари юза жойлашган нам тупроқли жойларда (ариқ ва зовурлар бўйи, экин майдонларининг чеккаси, дарё бўйларида) 60 сантиметргача бўлган чуқурликда яшайди.

Изоҳ (0)