Кабо-Вердедаги Прая шаҳри портида бортида 9,5 тонна кокаин топилган Eser юк кемасининг 11 нафар экипаж аъзоси ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси Россия фуқаролари бўлган. Улар гиёҳванд моддалар контрабандасида гумон қилинмоқда.
Панама байроғи остидаги кема Жанубий Америкадан Марокашга йўлга чиққан. Экипаж аъзоларидан бирининг номаълум сабабга кўра вафот этганидан сўнг кема Кабо-Верде пойтахти портида тўхташга мажбур бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, бу орол-давлат тарихида бир вақтнинг ўзида мусодара қилинган энг йирик наркотиклар туркуми ҳисобланади.