Америка Қўшма Штатлари ва Хитой Лондондаги икки кунлик музокаралардан сўнг савдо сулҳини амалга ошириш келишувига эришди дея таъкидламоқда мамлакат расмийлари. Бу ҳақда CNN хабар берди.

“Америкалик ва хитойлик музокарачилар май ойида Женевада бўлиб ўтган музокараларнинг аввалги раунди ва икки давлат раҳбарларининг ўтган ҳафта бўлиб ўтган телефон суҳбати натижасида эришилган консенсусни қандай амалга ошириш бўйича келишувга эришди”, деди Хитойнинг савдо бўйича музокарачиси Ли Ченгганг.
“Энди ҳар икки томон расмийлари таклифни ўз раҳбарларига тасдиқлаш учун олиб боради. Агар у тасдиқланса, сўнг биз кейинги қадамларни амалга оширамиз”, деди АҚШ савдо вазири Ховард Лютник.
Миллий иқтисодий кенгаш директори Кевин Хассет Трамп маъмурияти Хитой ишлаб чиқариш сектори учун муҳим деб ҳисоблайдиган баъзи микросхемаларга қўйилган чекловларни юмшатиши мумкинлигини билдирган. АҚШ сунъий интеллект тизимларини қувватлантиришга қодир бўлган “жуда, жуда юқори сифатли Нвидиа” чипларига чекловларни сақлаб қолади, дея қўшимча қилинган.
Лондондаги учрашувда, шунингдек, Пекиннинг ноёб минераллар етказиб беришдаги устунлиги таъкидланган. Ноёб ер минераллари ва уларнинг магнитлари автомобиллардан тортиб қирувчи самолётларгача зарур ҳисобланади. Хитой Америка саноати ва мудофааси учун муҳим бўлган бу материалларга деярли монопол эгалик қилади.
Ўтган ҳафта узоқ кутилган телефон суҳбатидан сўнг, Трамп Хитой ноёб ер минераллари ва магнитлар оқимини қайта бошлашга рози бўлганини айтганди. АҚШ ва Хитой 12 май куни Швейцарияда савдо божларини вақтинча бекор қилиш учун 90 кунлик муддатдан фойдаланишга келишиб олганди. Аммо муҳлат берилганига қарамай, май ойида Хитойнинг АҚШга экспорти 34,5 фоизга кескин пасайганди.
Изоҳ (0)