Хитой ва АҚШ келаси ҳафта ядровий қурол назоратини муҳокама қилади. Бундай музокаралар Обама маъмуриятидан кейинги биринчиси бўлади. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги яқин кунларда икки давлат “қуролларни назорат қилиш ва тарқатмаслик бўйича маслаҳатлашувлар”, шунингдек, денгиз ва бошқа масалалар бўйича алоҳида музокаралар ўтказишини айтди.
Қурол бўйича музокаралар 6 ноябрь куни бошланади ва унга Давлат департаментининг юқори мартабали ходими Маллори Стюарт ва Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг қурол назорати бўлими раҳбари Сун Сяобо раҳбарлик қилади. Музокаралар вақти ва формати ҳақида маълумот берилмаган.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 2021 йилда Хитой ва АҚШ раҳбарлари “стратегик барқарорлик бўйича музокара бошлашга” келишиб олганини айтганди. Оқ уй бундай музокаралар АҚШ Россия билан олиб борган қуролларни қисқартириш бўйича музокараларга ўхшамаслигини таъкидлаган.
Ўшандан бери Байден маъмурияти Хитой ядро қуролидан фойдаланиш хавфини камайтириш бўйича қадамларни муҳокама қилишга унчалик қизиқмаганидан ҳафсаласи пир бўлган.
Сўнгги ойларда Хитой ва АҚШ ўртасидаги бир қатор дипломатик алмашинувлар асосан Вашингтоннинг ташаббуси билан амалга оширилган.
Изоҳ (0)