Япония фуқаролари уларнинг мамлакатига ҳарбий таҳдид КХДР, Хитой, Россия ва АҚШ томонидан юзага келиши мумкин деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Yomiuri газетаси ва Gallup ижтимоий хизматининг Япония ва АҚШда ўтказган сўровнома натижалари гувоҳлик беради, деб ёзади «ТАСС».
Қайси мамлакат ёки ҳудуд Япония учун ҳарбий таҳдид юзага келтириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарган сўровнома иштирокчиларининг 83 фоизи КХДР, 67 фоизи Хитой, 50 фоизи эса Россияни кўрсатган. Рўйхатнинг тўртинчи ўрнидан 31 фоиз кўрсаткич билан АҚШ жой олди. Ундан кейинги ўринни 30 фоиз овоз билан Жанубий Корея эгаллади.
АҚШда эса шу саволга жавоб берган сўровнома иштирокчиларининг 82 фоизи худди Япония каби асосий таҳдид КХДР томонидан юзага келиши мумкин деб ҳисоблайди. Бироқ бу рўйхатда Хитой тўртинчи ўриндан жой олди (51 фоиз). Америкаликлар учун ҳарбий таҳдид рўйхатининг иккинчи ўрнидан Яқин Шарқ (63 фоиз), учинчи ўрнидан эса Россия (55 фоиз) жой олган. Япония ва Жанубий Корея эса 21 фоиз овоз билан рўйхатнинг олтинчи ўрнини эгаллади.
Дунё ҳамжамияти КХДР ядро синовлари ва ракета парвозларини тўхтатиш учун қайси усулни қўллаши лозимлиги ҳақидаги саволга 52 фоиз японлар босим, 40 фоизи музокараларни танлаган бўлса, АҚШда ушбу рақамлар тегишли равишда 56 ва 37 фоизни ташкил этди.
Изоҳ (0)