News cover

14 бандлик меморандум: АҚШ 48 соат ичида Эрондан сулҳ бўйича жавоб кутмоқда

Оқ уй Эрон билан урушни тугатиш бўйича бир саҳифалик англашув меморандумини имзолашга яқин турибди. Бу ҳужжат, ядровий дастур бўйича батафсил музокаралар учун ҳам асос бўлади. Бу ҳақда АҚШнинг икки расмийси ва вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Axios хабар берди.


Маълум қилинишича, АҚШ яқин 48 соат ичида бир нечта асосий бандлар бўйича Эрондан жавоб кутмоқда. Ҳозирча ҳеч нарса расман келишилмаган, бироқ томонлар уруш бошланганидан бери келишувга илк бор бу қадар яқин келгани айтилмоқда.
Келишувнинг асосий бандлари
Axios нашрига кўра, 14 банддан иборат ҳужжат қуйидагиларни кўзда тутади:
  • Эрон ядровий бойитиш ишларига мораторий (вақтинча тақиқ) эълон қилиш мажбуриятини олади;
  • АҚШ санкцияларни бекор қилишга ва Эроннинг музлатилган миллиардлаб долларлик маблағини қайтаришга рози бўлади;
  • ҳар икки томон Ҳормуз бўғози орқали транзит ўтишга қўйилган чекловларни олиб ташлайди.
Музокаралар АҚШ вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ҳамда Эрон расмийлари ўртасида бевосита ва воситачилар орқали олиб борилмоқда.
Кейинги босқич: 30 кунлик музокаралар
Меморандумнинг ҳозирги кўринишида минтақадаги уруш тугагани эълон қилиниши кўзда тутилган. Шундан сўнг 30 кунлик музокаралар даври бошланади. Бу вақт ичида қуйидагилар бўйича якуний ҳужжат тайёрланиши керак:
  • бўғозни тўлиқ очиш;
  • Эрон ядровий дастурини чеклаш;
  • АҚШ санкцияларини бутунлай бекор қилиш.
30 кун давомида Ҳормуз бўғозидаги чекловлар ва АҚШ денгиз блокадаси босқичма-босқич юмшатилади. Агар музокаралар муваффақиятсиз тугаса, АҚШ кучлари блокадани қайта тиклашга ёки ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга ҳақли бўлади. Тинчлик ўрнатиш жараёнларида иштирок этаётган покистонлик манба Reuters агентлигига ушбу маълумотни тасдиқлади.
“Биз буни жуда тез орада якунлаймиз. Келишувга яқин қолди”, деди у.

Эрон томони келишув фақат адолатли бўлсагина, уни қабул қилишини билдирди. Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозини очиш бўйича уч кунлик денгиз миссиясини тўхтатиб туришни буюрганди. Бу миссия бир ойдан бери давом этаётган сулҳга хавф солаётган эди.
Ҳозирча АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй бу борада расмий изоҳ бермади. Axios хабаридан сўнг АҚШ фонд биржаларидаги акциялар нархи кўтарила бошлади.

Эрон АҚШга 14 бандлик тинчлик режасини тақдим этди

Ўтган ҳафта Теҳрон АҚШга урушни якунлаш бўйича асосий шартлар баён этилган 14 банддан иборат тинчлик режасини тақдим этганди. Режада АҚШдан келгусида ҳужум қилмаслик бўйича кафолат бериш, Америка қўшинларини чегара ҳудудларидан тўлиқ олиб чиқиш, ҳарбий-денгиз блокадасини бекор қилиш, музлатилган Эрон активларини қайтариш, санкцияларни олиб ташлаш талаб этилган.

Шунингдек, Эрон етказилган зарар учун товон тўлаш, минтақадаги ҳарбий ҳаракатларни, жумладан, Исроилнинг Ливанга ҳужумларини тўхтатишни ва “Ҳормуз бўғози фаолиятининг янги механизми”ни жорий этишни илгари сурган. АҚШ президенти Дональд Трамп режани кўриб чиқиши, аммо уни қабул қилиши даргумонлигини айтган.

Бугун, 17:13

Видеолар

News cover

Москвада зирҳли техникаларсиз парад: бунга деградация сабабми ё хавфсизлик?

News cover

«Аёлимни тирик қолганига шукр қиламан» — Мирзо Улуғбек туманидаги ЙТҲ тафсилотлари

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: