Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари яна камида 7 ой давом этиши мумкин. Бу ҳақда Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши тақдим этган ҳисоботга асосланиб, Sputnik International нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Цахи Ҳанегби жанглар 2024 йил охиригача давом этишини билдирган. Бу ҳақда Исроил расмийси 29 май куни ташкил этилган матбуот конференцияси доирасида маълум қилган.
Конференцияда Исроил армияси Ғазо сектори ва Миср чегараси бўйлаб ўтувчи Филадельфия коридорининг 75 фоизини назорат қилаётгани айтилган. Коридорнинг муҳим қисмлари, масалан, гуманитар ёрдам кирадиган Рафаҳ ўтказиш пункти яқин орада очилмаслиги билдирилган.
Цахи Ҳанегби айни пайтда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади. У, шунингдек, ҲАМАС ҳаракатини бутунлай йўқ қилиш ҳамда Ғазо шимолини Исроилга қўшиб олиш тарафдорларидан бири.
Олдинроқ Исроил ҳукумати ҲАМАС билан келишув шартларини юмшатгани хабар қилинган эди. Тель-Авив расмийлари янгича келишув шартларини воситачи давлатлар — АҚШ, Миср ва Қатарга топширган.
Исроил гаровга олинганларни алмашиш ва ўт очишни тўхтатишга бир қанча шартлар асосида розилик билдирган. Бу янги лойиҳадан сўнг Ғазода кескинликлар бирмунча вақт тўхташи мумкинлиги айтилган.
Изоҳ (0)