Ўзбек шахматидаги фахрланарли ғалабалар-у, тугамаётган баҳслар соясида кўпчиликка нотаниш, аммо билишга арзийдиган заиф эшитувчилар шахмати алоҳида мавзу. Уларнинг кўпинча назардан четда қолиб кетаётгани — энг ёмони. Иқтидоримни кўрсатаман, чемпион бўламан деса-ю, кўксидан итариб, имкон йўллари тўсилаверса, спортчида иштиёқ, интилиш сўнади-қолади.
«Дарё» заиф эшитувчилар спортидаги муаммо ва ечимлар хусусида икки карра Осиё, икки карра Жаҳон чемпиони, халқаро турнирлар совриндори, мураббий Сирожиддин Зайниддинов билан суҳбатлашди.Мураббийларим имо-ишора тилини билмас, дадам ўртада воситачи бўларди
Беш ярим ёшимда шахмат билан шуғуллана бошладим. Етти ёшимда оилавий шахмат мусобақасида ғолиб бўлдим. Дадам шашка донасига отнинг расмини чизиб, уни ипга ўтказдилар ва медал сифатида бўйнимга тақиб қўйдилар. Ёнида 100 сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳам бор эди. Бу шахматдаги илк ғалабам бўлган.
Эшитиш ва гапиришимдаги муаммо сабаб биринчи синфга чиқа олмадим. Оиламдагилар маслаҳатлашиб Тошкентдаги заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 106-мактабга беришга қарор қилишди.
Дадам муҳандис, онам француз тили ўқитувчиси эди. Олти фарзандни онамнинг қарамоғига қолдириб, тайёр ишини ташлаб, мени пойтахтга олиб келган дадамнинг ҳаётимда ўрни беқиёс. Бошланғич синфни тугатгунимча қайси мураббий, машғулот ё мусобақага боришим керак бўлса, барига ўзи ҳамроҳлик қилган. Деярли бирорта тренерим имо-ишора тилини билмас, дадам ўртада мулоқотчим бўлардилар.
Катталар ўртасида ўйнаганим зараримга ишлади
Мактабда ўқишни бошладим. Бунга параллел Шайхонтоҳур туманидаги 15-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Эргаш Мажидов гуруҳида шахматни ўрганишни давом эттирдим. Гарчи дадам спорт мактабга ишга кириб, шуғулланишимга кўмаклашсалар-да, қийналардим. Атрофимдаги болалар бир-бири билан эшитиб гаплашар, мен эса уларни тушунолмасдим. Дадам Қорасаройда Карлар шахмат клуби борлигини билиб, ўша ерга олиб бордилар. Дастлаб ёши катталардан иборат клуб аъзолари кичик болакайни менсишмади. Ўйинларда уларни юта бошлаганимда эса мени ҳам ҳурмат қилиб, клуб аъзосидек қарай бошлашди. Бу ердан заиф эшитувчилар ўртасида ҳам мусобақа-ю чемпионатлар бўлишини билдим.Сирожиддин Зайниддинов
— 1990 йил Жиззах вилояти Арнасой туманида туғилган;— 3 ёшида ноаниқ сабаб билан эшитиш қобилиятини йўқотади;— Шахматнинг стандарт, рапид ва блиц йўналишларида дона суради;— 2004 йили 14 ёшида Германиянинг Маленте шаҳарчасида International commitee оf silent chess (ICSC) таснифида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида олтин;— 2005 йили Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ICSC таснифида катталар ўртасида 2-Осиё чемпионатида бронза;— 2008 йили Швейцариянинг Санкт-Галлен шаҳрида ICSC таснифида ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионатида олтин;— 2015 йили The International Chess оf the Deaf (ICCD) таснифида Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида 3-Осиё чемпионатида блиц йўналишида биринчи, стандарт йўналишида иккинчи ўрин билан олтин ва кумуш;— 2018 йили Англиянинг Манчестер шаҳрида ICCD таснифидаги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси очиқ чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган.
Катталар ўртасида ўйнаганим зараримга ишлади. Муштдек боланинг бу оғир мағлубиятга чидаши осон эмасди. Пушкариев деган қозоғистонлик тренер тушкунлигимни кўриб: «Яхши ўйнадинг. Сенинг ёшингда Осиё давлатлари орасида ўнталикка кириш катта натижа. 2004 йил Германияда заиф эшитувчи ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унгача ўзингдаги имконият ва вақтдан фойдалансанг, ютишингга ишонаман. Фақат ортга чекинма, шахматни ташлаб кетма», – деб руҳимни кўтарди.
Мусобақа камлигидан хиёбонларда шуғулланардим
Ўзбекистонга қайтгач, Германия чемпионатига тайёргарликни бошладим. Фарқли рақиблар билан ўйнаш, ўзимни синаб кўришни хоҳлардим. Афсуски, мусобақалар кам бўларди. Бир кун Амир Темур хиёбонида шинавандалар йиғилиб, шахмат ўйнашини билиб қолдим. Хиёбон менга катта мактаб бўлди. Фед Яшин, Авазбек Эшбоев каби шахмат усталарини шу ердан топдим.2004 йили Германияда кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги чемпионатда 1-ўринни олдим. Ватанга қайтганимда биринчи президент Ислом Каримов табрик хати йўллаб, «Ўғлим Сирожиддинга!» деган ёзув туширилган компьютер совға қилдилар.
Йўлда кетаётиб ҳам миямда партияларни такрорлаб кетишим керак эди
Бу компьютер 2008 йилги Швейцария чемпионатига тайёргарлигимни осонлаштирди. Халқаро гроссмейстерлар Георгий Борисенко, Рашид Зиятдиновларнинг этагини тутдим. Рашид ака халқаро доирадаги шахматчиларнинг фаолиятини доимий кузатиб, ким қай тарзда дона суришини яхши биладиган камдан кам мутахассислардан эди. Чемпионатга бир ой қолганда рақиблар ҳам аниқ бўлди. Устознинг турткиси билан иштирокчиларнинг ҳар бирига қарши алоҳида тайёрланиб чиқишни режалаштирдим.Охирги кун сафар югур-югурлари билан биттаси қолиб кетди. Тасодифни қарангки, боргач, ўша рақибим билан дона суришга тўғри келиб қолди. Бироз эсанкирадим. Яратганнинг қўллови билан тажрибамга таяниб, уни ҳам ютдим. Бу билан иккинчи марта Жаҳон чемпиони бўлдим.
Чемпионатгача бўлган уч ой қатъий кун тартибида ўтганди. Машғулот жойим уйимдан анча узоқ бўлганидан соатлаб вақтим йўлда ўтиб кетарди. Зиятдинов устозим йўлда кетавериб ҳам миямда шахмат ўйнаб, партияларни такрорлаб кетишимни шарт қилиб қўйганди.Чалғимаслик учун уйимиз деворларига «Сирожиддин, шахматингни тайёрла» деган ёзувларни илиб, компьютеримнинг бош экранида ҳам катта қилиб ёзиб қўйгандим. Диққатим бўлинса, ҳар кўзим тушганда дарҳол шахмат доскамнинг ёнига бориб олардим.
Бу режимдан воз кечишим сал қийин бўлди. Швейцариядан қайтгач, ярим тунгача ухлолмай, тонг отмасдан туриб олардим. Акам компьютеримдаги «Сирожиддин, шахматингни тайёрла» жумласининг ўрнига «Сирожиддин — чемпион» деб ёзиб қўйганди. Уни ҳар кўрганда чемпионат тугаб бўлганини англаб, ўзимни эркин қўйишим кераклигини тушунардим.
Қарз олиб, машғулотларга қатнайсан, кейин уни узиш учун Москвага кетасан…
Бу чемпионатга мен ўсмирлар, устозим Алишер Анорқулов эса катталар ўртасида қатнашганди. Улар сербиялик рақибига қарши дона суриб турганда бирдан ўйинни тарк этди. Кейин билсам, эшитиш мосламаси қулоқларида қолиб кетган экан. Гарчи ўчиқ бўлишига қарамай, FIDE қоидасига кўра, ўша ўйинда Алишер акага мағлубият берилди. Эҳтиётсизлик қимматга тушди. Олдинги ва кейинги ўйинларда ҳамма рақибларини ютган бўлишларига қарамай, иккинчи ўринни олдилар.Чемпионатдан уч ойларча олдин Спорт вазирлиги ғолиб бўлсангиз, яхши мукофотлаймиз деб ваъда берганди. Алишер Анорқулов Ўзбекистонда оила билан чалғимаслик, кучли шахматчилар ўртасида дона суриш, бир пайтда ишлаш учун ҳам Москвага жўнаб кетдилар. Шахмат тўгарагига тўловлар, яшаш учун барча харажатларга ишхоналаридан чемпион бўлсам, тўлайман деб қарз олган эканлар.
Алишер ака иккинчи ўрин билан чемпион бўлди. Бир неча ой вазирлик ваъда қилган мукофотни кутди. Дарак бўлмагач, қарзларини тўлаш учун Москвага ишлашга кетди. Қарийб бир йилга яқин ишлаб, аранг қутулди. Орада онаси мукофот учун Спорт вазирлигига ҳужжатлар топширган. Аммо вазирлик биз кар ва заиф эшитувчилар учун мукофот ҳам, соврин ҳам бермаймиз деб қайтарибди. Ахир бошида ваъда берган ўзлари эди-ку. Алишер ака ҳам шуларга ишониб, Ўзбекистоннинг номи учун қарз олиб бўлса ҳам шуғулланди.
Аксар давлатларда исталган спортчининг эришган муваффақиятини мукофотлашнинг аниқ мезони бор. Спортчида чемпион бўлсам, бунга эришаман деган аниқ тўхтам бўлади. Ўзбекистоннинг заиф эшитувчи спортчилари эса чемпион бўлсам, бунга эришармиканман, деб орзу қилиб юради.
Кар ва заиф эшитувчилар орасида иқтидорлар кўп. Аммо қўллаб-қувватловга муҳтож
Давлатдан нимадир кутиш нотўғри, албатта. Аммо кар ва заиф эшитувчилар орасида мен кўрган аксар иқтидорлар ўртаҳол оиладан бўлади. Яшаши учун аранг имкони етадиган болаларнинг машғулот-у, ҳар соати учун ҳақ тўланиши керак бўлган мураббийларга қандай пули йэтсин?!Алишер Анорқулов — шахматнинг классик ва блиц йўналишлари бўйича заиф эшитувчилар ўртасида Халқаро гроссмейстер, бир неча карра Жаҳон чемпиони. Ўзбекистон кар ва заиф эшитувчилар шахматини дунёга танитишга энг кўп ҳиссаси қўшилган инсон. 2014 йили Норвегиянинг Тромсё шаҳрида ICCD тоифасидаги 41-шахмат олимпиадасида ўз ўйинларини ўйнаб, хонага кириб кетганларича чиқмадилар. Юрак хуружидан вафот этдилар.
Улар вафот этганда оилалари боқувчисини йўқотиб, оғир аҳволга тушиб қолди. Шогирдлар имкон қадар кўмак беришга, ёш шахматчиларга уларни танитишга ҳаракат қиламиз. 2014 йилдан бери хотираларига бағишлаб халқаро турнир ўтказишни ният қилиб келардим. 2021 йилда насиб қилган экан, Халқаро шахмат академиясида ўтказдик. Ўйлайманки, бутун ҳаётини Ўзбекистон кар ва заиф эшитувчилар шахматига бағишлаган бу инсон давлат томонидан ҳам кенгроқ, каттароқ миқёсда хотирланишга ҳақли.
Сурдоспорт параспортдан ажралиб қолгандек
Ўзбекистонда параспортга яхши эътибор қаратилган. Аммо негадир параспортнинг ичига кирадиган карлар спорти доим сўроқ остида туради. Бунга пул ажратсам, оқлармикан, чемпион бўлармикан, деб иккиланишади. Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият олиб борадиган Карлар спорт федерацияси мавжуд. Аммо унинг моддий имкониятлари кенг эмас. Ёрдам сўраб Паралимпия қўмитасига борсак, сизлар алоҳида ташкилотга қарайсиз деб рад этади.Президентнинг 2018 йил Карлар жамияти аъзолари билан учрашувидан кейин ўзгаришлар бўлди. Туризм ва спорт вазирлиги ҳам ёрдам бера бошлади. Аммо ажратиладиган маблағ футболга етса, шахматга, шахматга амалланса, волейболга етмай қолиши мумкин. Сурдоспорт параспортнинг соясида қолиб кетмай, ҳаммасига бирдек эътибор қаратилса, кар ва заиф эшитувчилар ўртасида ҳам чемпионлар, гроссмейстер-у, мастерлар кўпаярди.
Йўл харажатларим учун ҳомий қидириб юрардим
Ўзим ҳар чемпионатга бориб-келиш харажатларини қоплашда қийналардим. Ўзбекистон номидан халқаро мусобақага кетсам-да, харажатларим ким томонидан қопланишини аниқ билмасдим. ICCD таснифида 2015 йилда Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида бўлган Осиё чемпионатида стандарт ва блиц йўналишларида қатнашдим.Қаердан ёрдам сўрасам, рад этилаверган. Охири Паралимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджоновга мусобақага бориб ғолиб бўлсам, бу Ўзбекистон учун ҳам яхшилигини айтиб, ҳомийлик қилишларига кўндирдим. Блиц йўналишида биринчи, стандарт йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритдим. Паралимпия қўмитаси ҳам ҳомийлиги зое кетмаганидан хурсанд бўлди.2018 йилда Англияда Кар ва заиф эшитувчилар Олимпиадаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон кар ва заиф эшитувчилар жамоаси ҳомий тополмаганидан бормади. Мен эса иштирок этишни жуда хоҳлаган ва чиқмаган жондан умид деб ҳар ердан ҳомийлик сўрайверганман.
Ўшанда Халқаро шахмат академиясида ишлардим. Академия директори Комил Синдоровдан ёрдам сўрадим. Улар Миллий Олимпия қўмитасига хат чиқарди. Қўмита эса Спорт вазирлигига йўналтирди. Ниҳоят вазирлик харажатлар учун маблағ топиб берадиган бўлди.
Виза муаммоси сабаб Англия чемпионатига кечикиб бордим
Навбатда виза муаммоси кутиб турарди. Ўзбекистонда Англия элчихонаси бўлишига қарамасдан, тўғридан-тўғри виза қилишнинг имкони йўқ экан. Суриштирсак, Туркия орқали олса бўларкан. Олимпиада 7 июль куни бошланади. Икки ҳафта вақтимиз бор. Тезда ҳужжатларни жўнатиб юбордик.Ўн кунда тайёр бўлар деб учиш учун билет ҳам сотиб олдим. Ўн тўртинчи кунда ҳам келмади. Кейин билибмиз, ҳужжатларни жўнатган пайт Рамазон ҳайити арафаси экан. Бизда Ҳайит икки кун бўлса, Туркияда бир ҳафта давом этади. Дам олиш куни бўлгани учун виза тайёрланиши ҳам кечиккан.
Виза 6 июлда келди. Мусобақа куни учиб кетдим. Биринчи кунга етиб боролмаганим учун мени турнирдан четлаштириб қўйишибди. Ташкилотчилар билан гаплашиб сабабини тушунтирдим. Улар текшириш учун Туркия элчихонаси билан боғланишибди. Элчихона буни тасдиқлаб, узр сўрагач, арзирли ва ўзимга боғлиқ бўлмаган сабаблиги учун кейинги ўйинларни давом эттиришимга рухсат беришди. Шунингдек, қолдирган кунимдаги бир баллнинг ярмини қўшиб ҳам беришди.
Ўйнамаган одамга балл берилгани бошқа иштирокчиларга ёқмаслиги ва мусобақа охирида уни мендан олиб қўйишлари ҳам мумкин эди. Мутлақ ғолиб бўлишим учун ўша баллни йўқ деб ҳисоблаб, ҳаммасида ютишимиз кераклигини тушундим. Худойим мақсадимга бекам-у кўст етказди. Шунча қийинчиликлардан кейин чемпион бўлдим.
Чемпион бўлишга бутун борлиғим билан киришганимнинг яна бир сабаби бор эди. Виза ҳужжатларини Туркияга жўнатиб юборганимда Карлар маданият марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев мен билан ҳам суҳбатлашди. Икки марта жаҳон чемпиони бўлдим, энди Англия чемпионатига бориб яна биринчиликка ҳаракат қиламан, деганимда гапимни бўлиб: «Икки карра жаҳон чемпионига икки хонали уй совға қиламан. Чемпионатга ҳаракат қилинг, муваффақият», – деб икки хонали уй бердилар.
Тўғри, қийналдим, сарсон бўлдим. Аммо чемпион бўламан, деб президентга ваъда бериб қўйганман. Ўзбекистонга боргач, «Кечикканим учун ютолмадим», дея ўзимни оқлашни ўзимга раво кўролмасдим.
Жаҳон чемпионининг мактаби бўлиши керак
21 ёшимда «Спорт–Дўстлик–Ғалаба» шахмат мактабимни очдим. Бир пайтда Низомий номидаги педагогика институти жисмоний тарбия йўналишида ўқирдим. Мактабим бўлишини онам жуда хоҳлагандилар. «Чемпион бир кун у ёқда, бир кун бу ёқда дарс ўтиб юравермайди. Жаҳон чемпионининг мактаби бўлиши керак», – дея доим такрорлардилар. Шахмат доскаси-ю, доналари, стол-стулларни кредитга олиб, Сергели туманидаги бир жойни ижарага олиб, иш бошладик. Бошида бизни ҳеч ким танимагани учун ўқувчилар топишда қийналдик. Аммо умидимиз бор эди. Чемпионнинг ўрнини чемпион босади. Шахматга қизиқадиган инсонлар бор ва бир куни келади, деб ҳаракат қилавердик. Синглим ўзи ишлаётган боғчадан иқтидорларни қидира бошлади, мен эса эълонлар бердим.Мактаб очилгандан бери синглим Сабоҳат, дадам ва мен шахмат мураббийимиз. Илк ўқувчиларимиз Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар бўлган. Улар биз учун жуда қадрли. 4-5 ёшида келган бу болалар қадамларини шу мактабда қўйди, десам ҳам бўлади. Бошқа ўқувчиларимиз бўлмаганидан бутун эътиборимизни уларга қаратгандик. 2012 йили Деҳлидаги Осиё чемпионатида Жавоҳир блиц йўналишида биринчи, стандарт йўналишида иккинчи ўринни, эндигина бешга кирган Исломбек эса блиц йўналишида иккинчиликни қўлга киритди. Учта медал билан Ўзбекистонга қайтишди. Мактабимиз очилганининг бир йиллиги арафасида бу ғалаба унутилмас совға бўлди.
Шулардан кейин Умида Омонова, Одина Олимова, Абдулбосит Шарифжонов, Ҳумоюн Бекмуродов, Ҳумоюн Синдоров, Жавоҳир Бозоров каби иқтидорлар мактабимизга кела бошлашди. Шахматда қанча кўп мураббий кўрсангиз, шунча яхши. Қалдирғочларимизнинг асосий мураббийлари алмашган бўлса-да, уларнинг ҳар бир ўйинини ҳаяжон билан кузатаверамиз. Ғолиб бўлганда дунёга сиғмай кетамиз.
Ҳокимлик карантиндан олдин мактаб учун ер бермоқчи эди... бирдан ниятидан қайтди
Мактабимиз очилганига ўн йил бўлибди ҳамки, муқим жойимиз йўқ. Ижарама-ижара кўчиб юрибмиз. Ҳозирги манзилимиз эса аукционда. Кутилмаганда сотиб юборилса, яна чиқиб кетишимизга тўғри келади. 2019 йили Сергелининг ўзидан бир ерни олиш учун туман, шаҳар ҳокимиятларидан рухсат олиб ҳужжатлар тайёрладик. Аммо карантин бошланиб, иш вақтинча тўхтатилди. Ҳаммаси изига тушиб, пандемия юмшаганда бу масалада қайта мурожаат қилсак, ишингизнинг вақти ўтиб кетган, энди ер берилмайди, дейишди.Мактаб учун ўн йилдан бери бутун оилам билан боримизни бериб келамиз. Ўшанда олган кредитларимизни ҳалигача тўлаяпмиз. Ерни ўзимнинг қайсидир манфаатларим учун олмоқчи эмасман. Мақсадим — чемпионларни тарбиялаш. Мактабда эндигина унаётган ниҳоллар биз билан ҳадеб кўчиб юравермайди-ку.
Қисматдошларимни унутиб қолдиришдан қўрқаман
Шу пайтгача эшита оладиган болаларга ўргатиб, ўзимнинг қисматдошларим қолиб кетди. Сурдоспортчилар билан бир жамоамиз. Чемпионат-у олимпиадаларда бирга қатнашамиз. 16 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирок этган, 2019 йили Италияда бўлган Қишки сурдоолимпиадада жамоамиз билан қанча ҳаракат қилмайлик, олтинчи ўринни олдик. Ҳозирда 2023 йилги Канада Олимпиадасида муносиб иштирок этиш учун ҳаракат қиляпмиз.Кар ва заиф эшитувчилар бирор спорт билан шуғулланадиган аниқ манзилнинг ўзи ҳам йўқ. Қорасаройдаги Карлар спорт мажмуаси таъмирсиз ётибди. Паралимпия қўмитаси биносида машғулотлар учун шароит қилиб беришди. Аммо штат, ойлик каби масалалар ҳал қилинмаган. Ўзим шу ерда, шогирдим Сардор Мамаражабов заиф эшитувчилар мактабида ўқувчиларга шахматни ўргатмоқдамиз.
«Дарё» мухбири бир неча ой аввал Сирожиддин Зайниддинов таъкидлаган Карлар спорт мажмуасининг яроқсиз ҳолатдалигини ўрганганди. Карлар жамияти аъзоларидан бирининг айтишича, январь ойи бошида ушбу мажмуа таъмирланиши бошланган.
Изоҳ (0)