Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаев мамлакатдаги ўқитувчиларнинг ўртача маоши ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда “Аkipress” хабар қилди.
Вазирга кўра, айни дамда ўқитувчиларнинг ўртача маоши 26 минг 400 сомга (20 октябрдаги курс бўйича 3 миллион 941 минг сўмдан зиёд) яқин. Энг юқори маошни баланд тоғли ва чекка ҳудудларда ишлайдиган, шунингдек, катта иш тажрибаси ва сезиларли ўқув юкламасига эга бўлган ўқитувчилар олади.
2022 йилда ўқитувчиларнинг ўртача маоши мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи билан тенглашди, бу эса ҳатто университет устозлари учун ҳам мактабда ишлашни жозибадор қилди, дейди Кендирбаев.
Шунингдек, у аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар ойлик маошига 5000 сомдан (салкам 547 минг сўм) қўшимча ҳақ олишини таъкидлади.
Аттестация жараёнида предмет соҳаси бўйича билимлар, норматив-ҳуқуқий база, шунингдек, психологик ва педагогик кўникмалар баҳоланади.
Аммо, афсуски, кўплаб ўқитувчилар аттестациядан муваффақиятли ўта олмади. Бу бизга ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларнинг касбий ўсиши учун кўпроқ имкониятлар яратиш зарурлигидан далолат беради, дея қўшимча қилди вазир.
Изоҳ (0)