Ўзбекистонда 15 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга олий тоифали педагогларнинг жорий йил ўтказилган аттестация жараёнларида иштирок этмагани натижасида мавжуд малака тоифасини йўқотгани ҳақида хабарлар тарқалди. ХТВ матбуот котиби уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолинишини билдирди.
ХТВ матбуот котибининг билдиришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори билан ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарорига киритилган тегишли ўзгартиришга кўра, олий малака тоифа (бош ўқитувчи лавозими)га эга бўлганидан сўнг олий малака тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги белгиланган.
2022 йил март—май ойларида малака тоифаси олиш учун ўтказилган аттестация даврида амалда бўлган тартибга асосан, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифага эга педагогларнинг аттестациядан ўтиши мажбурий бўлмаган ва уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолиниши белгиланган.
« ‘Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаъги қонунига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги белгилангани муносабати билан, 2022 йил март—май ойларида ўтказилган аттестация даврида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали ўқитувчиларнинг мавжуд тоифалари умрбод сақланиб қолинишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)