Туризм-рекреация инфратузилмаси объектларига ташриф буюришни (энг аввало якка туристлар томонидан) ошириш, осон етиб бориш ва туризм соҳасига маданий мерос объектларининг максимал тарзда интеграллашуви учун Ўз ДСт 3331:2018 «Туризм хизматлари. Туризм соҳасида навигация тизимининг ахборот белгилари. Умумий талаблар» стандарти ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Туризм йўл белгилари ахборот берувчи бўлиб улар талабларини бузиш имкони йўқ.
Ушбу белгиларнинг асосий вазифаси – туристларга номаълум жойда йўналишни аниқлашда кўмак беришдир. Жигарранг фондаги йўл кўрсаткичлари хориж туристларининг йўналишлари ўтадиган йўлларда ўрнатиш учун мўлжалланган. Инфратузилма объекти (шаҳар, кўча, музей, стадион ва ҳ.к.) ва географик объектларни англатадиган белгилардаги ёзувлар давлат ва инглиз тилларида ёзилади.
Туристлар учун навигация ва йўналишни кўрсатувчи маълумотлар тизимининг халқаро намуналарини танлашда туризм бозорининг ривожланиши юқори даражада бўлган мамлакатлар тажрибасини ўрганишга аҳамият берилган. Хусусан МДҲ ҳамда Европа иттифоқи мамлакатларининг халқаро стандартлари ва тажрибалари таҳлил қилинди.
Ишлаб чиқилаётган Туризм навигацияси тизими Ўзбекистон ҳудудида амалда бўлган, шаҳар ва қишлоқ муҳитида, автомобиль магистралларида белгилар ва ахборотларни жойлаштириш стандартига Ўз ДСт 3283 «Йўл белгилари. Техникавий шартлари» мувофиқ бўлишига алоҳида эътибор берилди.
Ушбу туризм йўл белгилари жойлардаги ҳокимиятлар қарори бўйича ўрнатилади ва Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси қошидаги «Ўзавтойўлбелги» ДУК томонидан тайёрланиши мумкин.
Изоҳ (0)