“Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Месси Америка Қўшма Штатлари Олий лигаси (MLS)нинг навбатдаги тури доирасидаги “Нью-Ингленд Революшн”га қарши баҳсда (2:1) дубль қайд этди. Ушбу натижа орқали у лига тарихида кетма-кет тўртта учрашувда икки ёки ундан ортиқ гол урган биринчи футболчига айланди.

Месси 25 майдан бери ўзи иштирок этган тўртта ўйинда қуйидаги натижаларни қайд этган:
- “Клуб де Фут Монреаль” – 2 гол, 1 ассист (4:1)
- “Коламбус Крею” – 2 гол, 2 ассист (5:1)
- “Монреаль” – 2 гол, 1 ассист (4:2)
- “Нью-Ингленд Революшн” – 2 гол (2:1)
Ушбу давр мобайнида Месси жами 8 та гол ва 4 та ассист билан иштирок этди.
“Нью-Ингленд”га қарши учрашувда урилган голлардан бири узоқ масофадан киритилган бўлиб, шу орқали Месси профессионал фаолияти давомида жарима майдони ташқарисидан (тўғридан-тўғри жарима зарбаси эмас) киритилган 100-голини нишонлади. AlbicelesteTalk нашрига кўра, бу кўрсаткичга илгари ҳеч бир футболчи эришмаган.
Маълумот учун, Месси жорий мавсум MLS доирасидаги 15 та баҳсда майдонга тушиб, 14 та гол ва 6 та ассист муаллифига айланган. Бу кўрсаткич унга тўпурарлар рўйхатида иккинчи ўринни тақдим этмоқда. Ҳозирда пешқадам — “Нешвилл” ҳужумчиси Сем Сарриж (16 гол).
Эслатиб ўтамиз, Лионель Месси 2023 йил ёзида “Интер Майами” клубига қўшилган.
Изоҳ (0)