2025 йил 24 июнь куни дунё футболининг афсонаси, “Интер Майами” клуби ҳужумчиси Лионель Месси 38 ёшга тўлди. Ёши анчага бораётганига қарамай, у ҳали ҳам юқори даражадаги ўйинлар намойиш этмоқда. Ушбу мақолада Мессининг ҳаёти, футболчилик фаолияти, эришган ютуқлари ҳамда унинг спорт йўли қандай давом этаётганига назар ташлаймиз.

Футболчилик фаолиятини бошланиши
Лионель Месси 1987 йил 24 июнда Аргентинанинг Росарио шаҳрида туғилган. Оилада учинчи фарзанд бўлган Месси болалигидан футболга қизиққан. 4 ёшида у “Грандоли” номли кичик жамоага қўшилди. Бу ерда унга отаси устозлик қилган, ҳар бир машғулотга эса бувиси олиб борган. Месси деярли ҳар бир голини осмонни кўрсатиш орқали нишонлайди — бу ишора вафот этган бувисига бағишланган.

Кейинчалик у “Ньюэллс Олд Бойз” ёшлар жамоасига ўтди. Бироқ 10 ёшида унга ўсиш гормони етишмовчилиги ташхиси қўйилди. Даволаниш харажатларини икки йил давомида оиласи қоплай олди. Клуб ёрдам беришга ваъда берган бўлса-да, кейинчалик бу ваъдасидан воз кечди. 2000 йилда эса Месси ҳаёти кескин ўзгаради: “Барселона” спорт директори Карлес Решак аргентиналик иқтидорни кўриб, уни Испанияга таклиф қилади ва клуб унинг даволаниш харажатларини тўлиқ қоплашини ваъда берди. Унинг “кўк-анорранглилар” билан илк шартномаси қоғоз “салфетка”га тузилган ва шундан сўнг Месси “Ла Масиа” академиясига қўшилди. 14 ёшида у даволанишни тўлиқ якунлаб, “Барселона”нинг асосий жамоасига йўл олди.

“Барселона”даги давр
2005 йил 1 июлдан 2021 йил 10 августгача Лионель Месси “Барселона” асосий жамоасида 778 ўйин ўтказиб, 672 та гол ва 303 та ассист қайд этди. У клуб билан 35 та соврин қўлга киритди, жумладан 4 марта Европа Чемпионлар Лигаси (2006, 2009, 2011, 2015), 10 марта Ла Лига чемпионлиги ва бошқа кўплаб ютуқлар.

Месси 9 марта Ла Лигада йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. У 6 та “Олтин бутса”, 8 та “Олтин тўп” соҳиби, FIFA ва УЕФА талқинига кўра бир неча бор йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди.
2021 йил августида Месси кўз ёшлар билан “Барселона”дан кетди. Клуб молиявий муаммолар сабаб уни сақлаб қола олмади. Месси кетиш маросимида шундай деган эди:
“Мен бу ерда қолишни истардим, бу менинг уйим. Кетишга тайёр эмас эдим. Бу ерда 21 йил яшадим. Хотиним ва уч нафар фарзандим билан Каталонияни тарк этяпман.”
Париждаги қисқа ва оғир давр
2021 йил августида Месси “ПСЖ” билан шартнома имзолади. У бу клуб сафида 75 ўйинда 32 гол ва 35 ассист қайд этди. Францияда икки марта чемпион бўлди ва бир бор Суперкубокни қўлга киритди. Бироқ Месси учун бу ердаги саёҳат унчалик яхши ўтмади. Мураббий билан зиддиятлар, мухлисларнинг танқиди ва умумий муҳит уни чарчатди.

Месси кейинчалик бу даврни “тушкунлик” деб атаган, ҳатто “ПСЖ”да ўйнаган вақтларини “фожиали тажриба” деб тасвирлаган.
2022 йилги Жаҳон чемпионатидаги муваффақият
Париждаги мураккаб даврдан фонида Месси ўзининг энг муҳим ютуғини қўлга киритди — Қатарда ўтган Жаҳон чемпионатида Аргентина терма жамоаси билан бош совринни қўлга киритди.

Финалда Франция билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаб, пенальтилар сериясида ғалаба қозонган аргентиналиклар ҳақиқий тарих ёза олди. Месси финалда дубль қайд этди. Бу орқали у ўзи эришмаган ягона совринни қўлга киритди.
Мессининг терма жамоадаги умумий статистикаси: 193 ўйин, 112 гол.
АҚШдан янги чақириқ: “Интер Майами”
2023 йил ёзида Месси АҚШнинг “Интер Майами” клубига ўтди. Клуб эгаси — Девид Бекҳэм. Месси АҚШга ўтганидан бери 61 ўйинда 50 та гол ва 24 та ассист қайд этди. У клуб билан 2 та совринни қўлга киритди ҳамда яна бир бор FIFA томонидан Йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ҳозирда Месси “Интер Майами” сафида 2025 йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда.
Месси ва унинг оиласи
Лионель Месси турмуш ўртоғи Антонелла Рокуссо билан бир шаҳар — Росариода улғайган. Улар болаликдан таниш бўлган. Муносабатлари 20 ёшида жиддий тус олди. 2012 йилда уларнинг биринчи фарзанди — Тиаго, 2015 йилда Матео, 2018 йилда эса Чиро дунёга келди. Жуфтлик 2017 йилда расман никоҳдан ўтди.

Бугунги кунда Месси нафақат профессионал футболчи, балки ўз фарзандлари учун ҳам мураббий ва спортдаги илҳом манбаи бўлиб қолмоқда. Уларнинг барчаси “Интер Майами” ёшлар жамоаларида тўп сурмоқда.
Лионель Месси футбол тарихида ўз номини абадий муҳрлаган. 38 ёшга кирганига қарамай, у ҳамон юқори даражада ўйин кўрсатмоқда. Унинг карьераси якунига яқинлашаётган бўлиши мумкин, бироқ у ҳали ҳам мухлисларини илҳомлантиришда давом этмоқда.
Изоҳ (0)