Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилоти (ТДT) давлат раҳбарларининг кейинги норасмий учрашувини Остонада ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ТуркПА аъзо давлатлари парламент раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.

“Яқинда Венгрияда бўлиб ўтган давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви самарали бўлди. Қозоғистон бу ижобий йўналишни давом эттиришдан доимо манфаатдор. Шу муносабат билан мен кейинги саммитни Туркистонда ўтказишни таклиф этдим”, деди президент.
Тўқаев Қозоғистон Парламент ассамблеяси ташаббусларини қўллаб-қувватлашини ва туркий интеграцияга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирган.
“Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилотининг асосчилари қаторида. Бизнинг фикримизча, бу тузилма мамлакатларимизнинг иқтисодий, маданий ва инсонпарварлик ривожланишига алоҳида таъсир кўрсатади. Унинг салоҳияти халқларимизнинг умумий мақсадларига эришиш йўлида қўлланилиши лозим”, дея таъкидлаган Қозоғистон президенти.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари натижаларини юқори баҳолайди ва эришилган келишувларни сифатли амалга оширишга катта эътибор қаратади.
“Туркий алифбонинг ягона вариантини тасдиқлашни тарихий воқеа дейиш мумкин”, дея қўшимча қилган Қосим-Жўмарт Тўқаев.
21 май куни Венгрияда Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити ўтказилди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)