Бугун, 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлади.

Ташриф доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари ўртасидаги дўстона ва ишончли мулоқот, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Бугуннинг ўзида давлатимиз раҳбари Остонада бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Италия” форматидаги олий даражадаги саммитда ҳам қатнашади. Ушбу тарихий учрашувда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Республикаси Бош вазири иштирок этади.
Саммит доирасида Италия ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли келишувлар юзасидан музокаралар олиб борилади.
Тадбирнинг асосий йўналишлари — «яшил« иқтисодиёт, инвестиция, инновация, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўлади. Бу борадаги муҳокамалар минтақанинг барқарор ривожланиши учун стратегик аҳамият касб этади.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари етакчилари билан ўтказадиган икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтиши назарда тутилган. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари “Марказий Осиё + Италия” форматидаги платформа доирасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича стратегик аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.
С. Жўраев
Изоҳ (0)