Шавкат Мирзиёев раислигида 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда президент ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга доир янги ташаббуслар билдирилди.
Ногиронлиги борлар учун қулай шароит
Вилоят ҳокимлари бу йил биттадан намунавий кўча қилиб, ногиронлиги борлар учун қулай шароит яратиши керак эди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида бу борадаги ишлар бошланган, қолган вилоятлар лойиҳа ҳам қилмагани, маблағ ҳам бермаган. Мутасаддиларга бу ишларни икки ойда якунлаб, келгуси йил ҳар бир туманда яна биттадан кўчада қилиш вазифаси қўйилди. Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамовга бу борада ўзгариш қилмаганларга қатъий чора кўриш топширилди.
Камбағал оила фарзандлар таълими учун қўшимча имкониятлар
Президент келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлигини таъкидлади. Тойлоқ ва Косонсойда “Илк ривожланиш марказлари” очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 200 нафар болага боғча таълими берилди. Вилоят ҳокимларига ўзидаги ҳар бир туманда биттадан шундай тажрибани ташкил қилиш топширилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага 2025 йилда камбағаллик юқори 1 мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш топширилди. Янги йилдан оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади.
Камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади.
Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлади. Вазир Қўнғиротбой Шариповга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
Камбағал оилаларга тиббий ёрдам ва уй-жой шароитини яхшилаш
Камбағал оиладаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож. Шу боис 2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. “Ижтимоий дафтарлар” маблағи фақат камбағал оилаларни яшаш шароитини яхшилаш, тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини ошириш учун сарфланади. Адолат бўлиши учун, эндиликда бу маблағлар тумандаги камбағаллар сонига қараб тақсимланади.
Ижтимоий дафтарлар маблағининг 30 фоизини туман ҳокимларига “Инсон” марказлари билан маҳалладаги уй-жой, йўл, сув ва электрни яхшилаш учун ишлатишга рухсат берилади.
Эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилади. Уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилади, харажати қоплаб берилади. Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори Мансурбек Оллоёровга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
Ижтимоий карта
Ҳозирги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқаролар туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур. Президент бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, барча ҳужжатларни ўрнини босадиган битта — ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди.
Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади. Бу тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, йил якунигача ҳамма жойда ишга туширилади.
Камбағал оилаларнинг ўзи ҳаракатлана олмайдиган аъзоларига уйида қараб туриш хизмати
Камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган 23 минг одамга ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укаси ёки опа-синглиси қараб ўтирибди. Келгуси йилдан маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва хусусий сектор иштирокида бу одамларни 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилади. Натижада яқинига қараб турган 15 минг аҳолининг ишлашига шароит яратилади.
Хусусий сектор бундай хизматни кўрсатган камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб беради. Бу тажриба Тошкент шаҳрида келгуси йил 1 мартгача, бошқа ҳудудларда 2025 йил якунигача йўлга қўйилиши белгиланди.
Ногиронлиги борлар реабилитацияси
Ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади. 7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, маҳаллий мутахассислар малакаси оширилади.
Маҳалладаги ижтимоий ходимлар ногиронлиги бор уйга уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини эслатма қилиб тарқатиши белгиланди. Реабилитация ишларининг самараси ногиронлиги борларни ҳаракати, мулоқоти, ўзига ўзи хизмат кўрсатишидаги ўзгаришларга қараб баҳоланади, бунинг учун шифокорларга устама берилади. Қашқадарё вилояти ҳокимига реабилитация бўйича тажриба яратиш топширилди.
Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхатига яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланди. Ижтимоий хизмат агентлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда 2025 йилда 80 минг муҳтож одамга зарур протез воситаларини етказиб бериш топширилди.
Ногиронлиги борлар бандлигини таъминлаш
1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. Корхоналарга сурдо таржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажати учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бундай одамларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилади. Бунда, ушбу компаниялар ишлаш истаги бор одамларни аниқлаб, уларни ўқитади, корхона талабига мослаштиради, иш даврини дастлабки 6 ойида ҳамроҳлик қилади.
Ногиронлиги бор болани таълимга жалб қилиш
Ижтимоий ҳимоя агентлиги, ММTV, вилоят ҳокимларига 1 февралгача ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳини очиш топширилди. 1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 800 нафар ногиронлиги бор бола таълим олиши учун шароит яратилади. Ижтимоий ҳимоя агентлигига ҳаракати чекланган болаларга мактабга келиб-кетиш харажатини 75 фоизини қоплаш тизимини жорий қилиш топширилди.
Шунингдек, ментал ва жисмоний нуқсони бор болаларни ўқитадиган 90 та махсус мактабни кўп функцияли мактабга айлантириш кераклиги айтилди. Бу орқали ногиронлиги бор 2 минг бола ота-онаси билан яшаб, яқин ҳудуддаги мактабда ўқиш имконига эга бўлади. Янги ўқув йилидан Тошкент шаҳрида битта шундай мактаб фаолияти йўлга қўйилиб, намуна қилинади.
Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ногиронлиги бор 2 минг болани кундузги парваришлаш тизими йўлга қўйилади. Бу тизим 1 октябргача қолган вилоятларда ҳам жорий қилинади.
Мутасаддилар олдига келгуси йилда 15 минг ногиронлиги бор болани таълимга жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Ота-онасиз қолган болаларни оилавий муҳитга қайтариш
Масъул идораларга Миллий гвардия тажрибаси асосида 500 нафар болани оилавий болалар уйига жойлаштириш ва таълим олиши учун шароит яратиш топширилди.
Назоратсиз ва қаровсиз болалар яшаши, ўқишига ихтисослашган мактаблар рўйхати қайта кўриб чиқилади, уларда бундай болалар учун 5 фоиз квота бўлади. Бунда ушбу мактабларга болаларни Ижтимоий ҳимоя агентлиги йўлланмаси асосида юбориш кўзда тутилади.
Умуман, ногиронлиги бор ҳамда ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши ва оилавий муҳитга қайтишини ташкил қилиш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Йиғилишда дунёнинг энг руҳлантирувчи “Топ-100” аёли рўйхатига кирган деновлик Дилором Йўлдошевага президент фармонига мувофиқ “Мардлик” ордени тантанали топширилди.
Бу аёл ногиронлиги бор бўлса-да, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизларни ишли қилган.
Изоҳ (0)