Ўқитувчи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида айтиб ўтди.
“Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позисиясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар. Бунинг учун аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак. Шундагина у ўзининг чинакам инсоний ва касбий фазилатларини амалда намоён қила олади”, деди президент.
Давлат раҳбари ўзи ҳам кўп йиллар шу соҳада ишлагани учун ўқитувчи меҳнати қанчалик оғир ва машаққатли эканини яхши билишини айтди.
“Янгиланган Конституциямизда дунёдаги мўтабар шахс — ўқитувчи мақомини алоҳида мустаҳкамлаш, бу касбни жамиятдаги энг обрўли ишга айлантириш менинг неча йиллик орзуим, керак бўлса, армоним эди”, деди президент.
Шавкат Мирзиёев эндиликда “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини. Конституцияда белгиланган қоида энди ана шу қонун асосида ишлай бошлашини таъкидлаб ўтди.
“Кимки ўқитувчига босим ўтказиб, унинг касб фаолиятига дахли бўлмаган ишларга, турли мажлисларга жалб этмоқчи бўлса, ана шу қонун асосида жавобгарликка тортилади”, деди президент.
Изоҳ (0)