Бугун, 13 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилда 102 та ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилган.
“Масалан, олдин одамлар протез учун ҳар хил комиссиялар ва поликлиникада 2 ой сарсон бўлган бўлса, ҳозир бу масала 2 ҳафтада маҳаллада ҳал бўлмоқда. Шуни ўзидан 100 минг одамни оғири енгил бўлди. Одамлар протезни 95 та ишлаб чиқарувчи орасидан электрон тизимда ўзи танлаяпти, рақобат ва сифат ҳам яхшиланди. Ногиронлиги бор болаларга қараб туриш хизмати йўлга қўйилиб, мурожаатлар маҳаллада қабул қилиняпти. Бу 700 нафар ота-онани ишлашига шароит яратди. Ҳаракатлана олмайдиган 4 минг нафар ёлғиз кексалар аниқланиб, уларга уйини ўзида қараб туриш йўлга қўйилди”, дейилади хабарда.
Йиғилишда маҳалладаги ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатгани айтилган. Шу билан бирга, 51 минг одамга ногиронлик белгилангани, 26 минг нафари протез олгани, ногиронлиги бор 5 минг бола боғча-мактабга жойлашгани таъкидланган.
“Муҳтож бўлмаганларга асоссиз нафақа тўлашнинг олди олинди, қисқарган харажатлар бюджетда қолдирилди”, дея йиғилишда айтилган гапларни келтиради манба.
Қайд этилишича, уч ой олдин вилоят ва тумандаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган. Натижада, шу кунгача камбағал оилалардаги 17 минг одам доимий ишга жойлаштирилган, тадбиркорлик ва томорқа орқали 14 минг аҳолининг даромади оширилган. Ўз навбатида 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди, 45 минг муҳтож аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йил октябрда 2,3 миллион оила болалар пули олган бўлса, жорий йилда улар сони 1,36 миллион қолгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)