Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Италиянинг “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини Туркияда давом эттириши мумкин. Таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, Шомуродов “Башакшеҳир” клубига ўтишга яқин турибди.

Манбага кўра, “Рома” ва “Башакшеҳир” футболчининг трансфери борасида келишувга эришган. Шомуродов Истанбул клуби билан икки йиллик шартнома имзолайди, кейинчалик уни яна бир йилга узайтириш имконияти ҳам мавжуд.
Трансфер шартларига кўра, “Башакшеҳир” Шомуродовни дастлаб 3 миллион евро эвазига ижарага олади. Шартномада 2,7 миллион еврога мажбурий сотиб олиш банди ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, “Рома” ҳужумчининг кейинги трансферидан 10 фоиз улушга эга бўлади.
Маълумот учун, Элдор Шомуродовнинг “Рома” билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 5 миллион еврога баҳоламоқда.
30 ёшли форвард 2024/25 йилги мавсумда “Рома” сафида жами 37 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Изоҳ (0)