Исроил мудофаа армияси Яман ҳусийларига қарши “Қора байроқ” номли операциясини ўтказди. Бу ҳақда N12 нашри хабар берди.

Исроил операция доирасида Ходейда, Салиф ва Рас-Иса портларига зарба берди. Мудофаа вазири Исраэл Кац ҳусийларга тегишли объектлар ҳужумга учраётганини айтди. Нишонлар орасида электр станцияси ва 2023 йил ноябрь ойида Қизил денгизда ҳусийлар томонидан қўлга олинган Galaxy Leader кемаси ҳам бор.
Мен огоҳлантирганимдек, Яманга ҳам Теҳронга бўлганидек муносабатда бўлишади, дея таъкидлади Кац.
Яҳудий армиясига кўра, ҳужумдаги объектлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийлар томонидан қурол-яроғ етказиб бериш учун қўлланган. Исроил ҳамда халқаро денгиз савдосига қарши “террорчилик фаолияти” учун ишлатилган.
Исроил портлар, кемалар ва электр станциясига қарата қарийб 50 та ракета ва бомба йўллагани тахмин қилинмоқда. Операцияда 20 га яқин қирувчи самолётлар иштирок этгани маълум. Бош вазир Бенямин Нетаньяху ҳусийларга қарши операцияни Вашингтонга йўл олаётган самолётида кузатган. Ҳужумдан олдин Исроил армиясининг араб тилидаги вакили Авичай Адраи порт аҳолиси ва ходимларини эвакуация қилишга чақирган.
“Ҳусийлар” сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад ал-Фароҳ Исроил ҳужумини “Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган жинояткорона тажовуз” деб атаган. Ҳаракат вакили Яҳё Сария эса Ямандаги ҳаво мудофааси ҳужумни қайтарганини даъво қилган.
Исроилнинг “Қора байроқ” номли операцияси ҳусийларнинг Тель-Авивдаги халқаро аэропортга ҳужуми ортидан бошланди. Ҳусийлар аэропортга ҳужумни гипертовушли “Фаластин-2” ракетаси ёрдамида амалга оширган ва Лод шаҳридаги Ben Gurion аэропортига йўналтирилган. Кўзланган мақсадга эришилгани маълум қилинган. Ҳужум оқибатида аэропорт фаолияти тўхтаб қолган. Ҳусийлар Ғазодаги уруш тўхтамагунча яҳудий давлатига ҳужум қилишларини таъкидлаган.
Изоҳ (0)