Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп 4 июнь куни 12 мамлакат фуқароларига мамлакатга киришни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Қарор “хорижий террорчилар” ва бошқа хавфсизлик таҳдидларидан ҳимояланиш мақсадида амалга оширилгани қайд этилди. Бу давлатлар қаторига Афғонистон, Мьянмар, Чад, Конго, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман кабилар киради.
Яна 7 та давлат: Бурунди, Куба, Лаос, Серра Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэладан одамларнинг кириши қисман чекланган.
“Бизга зарар етказмоқчи бўлганларнинг мамлакатимизга киришига йўл қўймаймиз”, деди Трамп.
Унинг айтишича, рўйхат қайта кўриб чиқилиши ва унга янги мамлакатлар қўшилиши мумкин. Эълон 2025 йил 9 июнь кунидан кучга киради. Ушбу санагача берилган визалар бекор қилинмайди, дейилади баёнотда.
Трамп лавозимидаги биринчи муддати давомида 7 та мусулмон давлати саёҳатчиларга тақиқ қўйилганди. Собиқ президент Жо Байден 2021 йилда бу тақиқни бекор қилиб, уни “миллий виждонимизга доғ” деб атаганди.
Президент 1 июнь куни Колорадо штатининг Боулдер шаҳрида содир бўлган воқеани тақиқ учун мисол қилиб келтирди. Ўшанда бир киши исроилпараст намойишчилар тўдасига бензинли бомба улоқтирганди. Ҳужумда Миср фуқароси Муҳаммад Сабри Солиман айбланган. У сайёҳлик визасини муддатидан ўтказиб юборган ва ишлаш учун рухсатномасининг муддати ҳам тугаган эди.
Трамп 2023 йил октябрида Ғазо сектори, Ливия, Сомали, Сурия, Яман ва хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа давлатлар фуқароларига АҚШга киришни тақиқлашини айтган эди.
Изоҳ (0)