Мали армияси мамлакат бўйлаб ҳарбий постларга қилинган бир қатор ҳужумларга жавобан 80 нафар жангарини йўқ қилди. Бу ҳужумлар “Ал-Қоида” томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

“Душман хавфсизлик ва мудофаа кучлари билан тўқнаш келган ҳар бир жойда катта йўқотишларга учради”, деди армия матбуот котиби Сулаймон Дембеле.
“Ал-Қоида”нинг “Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин” шўбаси аввалроқ ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Шунингдек, 3 та казарма ва ўнлаб ҳарбий позициялар назоратга олингани хабар берилган. Мали қуролли кучлари ҳужумлар мамлакатнинг марказий ва ғарбий минтақаларидаги 7 та шаҳарда содир бўлганини маълум қилган. Аҳоли камида 4 та шаҳарчада терактлар содир бўлганини тасдиқлаган.
“Ҳужумлар 1 июль куни Диболи ва унга яқин жойлашган Каес ва Сандере шаҳарларига уюштирилган. Шунингдек, Мавритания билан чегара яқинида жойлашган Ниоро ду Саҳел ва Гогоуи ҳамда марказдаги Молодо ва Нионо шаҳарларида ҳам ҳужумлар бўлиб ўтган. Уларнинг барчасида снарядлар ишга солинган”, дейилади армия баёнотида.
Мамлакат 2020 йилдан бери ҳарбий ҳукумат томонидан бошқарилиб келинмоқда. Унгача Малида 10 йилдан ортиқ вақт давомида ИШИД ва “Ал-Қоида” билан боғлиқ террорчи гуруҳлар ҳукмронлик қилган
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.
Изоҳ (0)