Болгария ва Руминия ўртасидаги чегара назорати 1 июль куни бекор қилинди. Бу ҳақда Novinite хабар берди.

Қарор икки қўшни Болқон давлатлари учун Шенген келишувини амалга оширишда муҳим қадам бўлган. Ушбу назорат Болгария ва Руминия 2025 йил 1 январда Шенген ҳудудига қўшилганидан кейин жорий этилганди.
Бу вақт мобайнида вақтинчалик назорат Австрия билан келишув натижасида амалга оширилган. Австрия дастлаб Болгария ва Руминиянинг Шенген ҳудудига тўлиқ аъзо бўлишига қарши бўлганди. Назоратнинг олиб ташланиши Шенген тизимига 40 йил тўлгани билан бир вақтда содир бўлди. Болгариянинг Греция билан жанубий чегарасидаги вазият эса ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳарбийлар зарурат туғилганда текширув ўтказиш ҳуқуқини сақлаб қолган.
Назорат бекор қилиниши арафасида ички ишлар ва миграция бўйича Европа комиссари Магнус Бруннер Болгарияга ташриф буюрган. Комиссар у ерда Болгария бош вазири Розен Желязков билан учрашган. Суҳбатда Желязков Болгария Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини ҳимоя қилишга қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
Комиссар Бруннернинг таъкидлашича, назоратнинг олиб ташланиши Европа чегаралари орқали одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини рағбатлантиради. Шенген Европа Иттифоқининг асосий ютуқларидан бири бўлиб қолса-да, эндиликда ташқи чегараларни бошқариш, миграция ва контрабанда каби жиддий муаммолар юзага келмоқда.
Изоҳ (0)