Болгария ва Руминия 1 апрелдан қисқа муддатли Шенген визаларини беришни режалаштирмоқда. Мазкур виза асосида сайёҳлар Шенгенга аъзо барча мамлакатларга ушбу давлатлар орқали самолёт ёки денгиз йўли билан киришлари мумкин бўлади, деб ёзади Schengen Visa Info.
“Болгария ва Руминия шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Шенген C визаларини беришни бошлаши кутилмоқда. Виза хорижий фуқарога Шенгенга аъзо мамлакатларга 180 кунлик муддат ичида 90 кунгача қолиш имконини беради”, — деб ёзади нашр.
Бироқ икки давлат томонидан Шенген визаларини беришнинг бошланиш санаси кўрсатилган расмий ҳужжат ҳозирча йўқ.
Портал қайд этганидек, ташаббус Европа Иттифоқи Кенгашининг денгиз ва ҳаво чегараларида Руминия ва Болгария учун Шенген ҳудуди доирасидаги чегара назоратини бекор қилиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Болгария ва Руминия билан денгиз ва ҳаво чегараларида 2024 йил 31 мартдан бошлаб чегара назоратини бекор қилишга қарор қилган эди. Шундан сўнг Европа Иттифоқи Кенгашига ички қуруқлик чегараларида текширувларни бекор қилиш санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш тавсия қилинди.
Изоҳ (0)