Озарбайжон 2024 йил декабрь ойида Қозоғистонда Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL) авиакомпанияси самолётининг қулаши муносабати билан Россияга қарши халқаро суд органларига мурожаат қилиш учун ҳужжатларни тайёрламоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Илҳом Алиев Ханкендидаги Шуша медиа-форумида сўзлаган нутқида маълум қилди, дея хабар бермоқда Minval.

Алиевнинг айтишича, етти ой мобайнида Озарбайжон “Россия томонидан бирорта ҳам аниқ жавоб олмаган”. У Озарбайжон бош прокурори мунтазам равишда Россия Тергов қўмитасига сўровномалар юборишини, аммо жавобда фақат “тергов давом этмоқда” деган жумла келишини таъкидлаган. Алиев бундай муносабатни “самарасиз” деб баҳолади.
“Биз нима содир бўлганини биламиз ва буни исботлай оламиз. Россия расмийларининг ҳам воқеадан хабардор эканликларини биламиз. Савол шундаки, нима учун улар бундай вазиятда ҳар қандай қўшни қилиши мумкин бўлган ҳаракатни қилишмаяпти”, деди Алиев.
Президентнинг таъкидлашича, Озарбайжон айбни тан олишни, жабрланганлар оилаларига товон пули тўлашни ва AZAL’га самолёт йўқотилгани учун етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда. У “Малайзия ҳаво йўллари”нинг Boeing 777 самолёти ҳалокати бўйича тергов ўн йилдан ортиқ давом этганини эслатиб, Озарбайжон ҳам “қанча вақт керак бўлса, шунча кутишга” тайёр эканлигини билдирган.
Озарбайжон Президенти Россия-Украина можаросига ҳам муносабат билдириб, Украинага қандай маслаҳат бера олиши ҳақидаги саволга шундай жавоб берган.
“Ҳеч қачон босқинчиликка рози бўлмаслик. Бу биз қилган ишдир”, дейди Илҳом Алиев.
Бундан аввал Озарбайжоннинг Minval.аз нашри 2024 йил 25 декабрь куни Грозний шаҳрига яқинлашаётган AZAL Embraer Э190 самолёти уриб туширилгани ҳақида шов-шувли маълумотларни эълон қилганди.
Ўзи нима бўлганди?
2024 йил 25 декабрь куни Оқтов аэропортидан уч километр узоқликда Озарбайжоннинг Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Embraer самолёти иштирокида фожиали авиаҳалокат юз берди. Боку—Грозний рейсини амалга ошираётган самолёт фавқулодда қўнишга уриниш чоғида ҳалокатга учради. Бортда 62 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган.
38 киши ҳалок бўлган, яна 29 киши жароҳатланган. Президент Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, лайнер радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида бошқарилмайдиган ҳолатга келтирилган ва кейин Россия ҳудудидан ҳужумга учраган. Учувчилар Россиянинг энг яқин аэропортларидан бирига фавқулодда қўнишни сўраган, бироқ уларга ҳамма жойда рад жавоби берилган, шундан сўнг самолёт Каспий денгизини кесиб ўтиб, Оқтов шаҳрига қулаган.
Алиев ҳалокат учун жавобгарликни Россияга юклаб айбдорларни жазолашни талаб қилган. У, шунингдек, Москванинг самолётнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан ўққа тутилиши фактини қушлар билан тўқнашув ва бортдаги газ баллони портлаши ҳақидаги “бемаъни тахминлар ёрдамида яшириш”га уринишларидан ғазабланган.
Ҳалокатни тергов қилишда ICAO (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) конвенциясига мувофиқ Қозоғистон бошчилик қилмоқда. Ишда Озарбайжон, Россия мутахассислари, халқаро экспертлар ва Embraer вакиллари иштирок этмоқда. Қора қутилар олиб қўйилиб, халқаро экспертлар иштирокида расшифровка қилинмоқда.
Изоҳ (0)