Ўзбекистонда 2 июлдан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчиларининг йиллик даромадлари 100 миллион сўмдан ошганда, улар тўлаши лозим бўлган солиқлар солиқ органларининг хабарномаси асосида юридик шахслар (солиқ агенти) яъни агрегаторлар томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинади.
Масалан, ҳайдовчи қайсидир компания томонидан ишлаб чиқилган тизимга уланиб, одам ташиш билан шуғулланмоқда. Унинг даромади йил давомида 100 млн сўмдан ошса, белгиланган тартибда солиқ тўлаши керак. Солиқни тўлаш учун ҳисоб-китобни тўғри қилиш керак, ҳисоботларни Солиқ идорасига юбориш керак. Мана шу ишларни энди ҳайдовчи қилмайди, унинг ўрнига тизимни ишлаб чиққан ва фойдаланиш учун ҳайдовчига очиб берган компания бажаради.

Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг апрелда қабул қилинган қарорида белгиланган бўлиб, соҳада банд бўлган жисмоний шахсларга солиқларни ҳисоблаш, тўлаш ва ҳисобот топшириш каби ортиқча оворагарчиликлардан халос этади.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида 189 та ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг йиллик даромади 100 миллион сўмдан ошган.
Бугунги кунда республикада 776,7 мингта ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс енгил автотранспорт воситасида йўловчиларни ташиш ҳамда буюртма асосида товарларни етказиб бериш йўналишида рўйхатдан ўтиб фаолият юритмоқда.
2025 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи 208 та юридик шахслар — онлайн такси агрегаторлари солиқ органларининг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграциялашган. Улар орқали 430 мингдан ортиқ ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар аҳолига йўналишсиз такси хизмати кўрсатмоқда. Ушбу агрегаторлар томонидан давлатга 89,6 миллиард сўм солиқ тўланган.
2025 йилнинг февралда қабул қилинган президент қарори билан енгил автомобилларда йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш ўзини ўзи банд қилган фуқаролар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди. Уларнинг 100 миллион сўмгача даромадларига солиқ ҳисобланмайди. Йил тугаши билан янги йил бошидан даромадлар қайтадан ҳисобланади.
Изоҳ (0)