Навоий шаҳри ҳудудини 19 июль куни тонгда чангсимон тутун қоплади. Худди шундай ҳолат 13 июлда ҳам кузатилганди. Аҳоли орасида бу вазият “Навоийазот” АЖ фаолияти билан боғлиқ деган хабарлар тарқалди. Навоий вилояти Экология бошқармаси ҳам ҳавонинг ифлосланишида ушбу корхонани айбдор деб топди. Корхона айбловни рад этди.

Навоий вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизматининг 19 июлда эълон қилган баёнотига кўра, шу куни эрталаб соат 7:00 дан 9:00 га қадар таҳлилий лаборатория ҳамда “Навоийазот” АЖга қарашли Санитар лабораторияси билан жамият атрофидан таҳлил ишлари олиб борилди.


Корхона атрофидан атмосфера ҳавосининг таркиби Эколаб (Газоанализатор) аппарати ёрдамида таҳлил ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Навоийазот” АЖ ва БХО атрофидан таҳлил ишлари олиб борилганда атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сулфиди 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқланган.
Бундан ташқари, Навоий вилояти Гидрометеорология бошқармасининг таҳлилий лабораторияси томонидан олинган таҳлиллар натижаси кўра, 1-кузатув пости (Зулфия кўчаси)дан таҳлил ишлари олиб борилганда углерод икки оксиди 1,04 маротаба, аммиак 1,1 баробар юқорилиги, 2-кузатув постидан таҳлил ишлари олиб борилганда аммиак 1,2 баробар юқорилиги аниқланган.
“Навоийазот” матбуот хизмати эса бунга жавобан атмосфера ифлосланиши корхона фаолияти билан боғлиқ деган фикрларни асоссиз ва исботланмаган эканини билдирди. Маълум қилинишича, корхона томонидан атмосферани ифлослантирувчи ташламалар миқдорининг меъёридан ошмаслигини назорат қилиш мақсадида 3, 23, 25-цехларга 3 дона автоматик газоанализатор, жамиятга қарашли санаторий-профилакторий ҳамда бошқарма ҳудудига 2 дона стационар постлар ўрнатилди ва бунга “Навоийазот” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 186 миллион сўм маблағ сарфланди.
Шунингдек, атмосферага манбалардан ташланувчи ташламаларни тутиб қолиш мақсадида 3-цех донадорлаш минорасига 1 дона скруббер, 23-цех донадорлаш минорасига 4 дона скрубберлар ўрнатилган. Корхона ҳудуди ва атрофини назорат қилиш мақсадида 500 тадан ортиқ замонавий кузатув камералари ўрнатилган.
“Навоийазот” ер сатҳидан 120 метр баландликдаги 10-15 километр масофадаги жараённи яққол кўриш имкониятини берувчи ушбу камералардан олинган видеоларни эълон қилиб, 19 ва 13 июлда атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлган ҳолат корхонага тааллуқли эмаслигини билдирди.
“Ғарбий ҳудуддан (Навоий халқаро аэропорти томондан) ҳавога кўтарилган чангсимон тутун шамол йўналиши бўйлаб корхона усти ва атрофидан ўтиб кейин бутун шаҳарга тарқалган. Юқоридаги тасвирларда жараён тўлиқ акс этган. Шундан келиб чиқиб, фуқаролардан атроф-муҳитнинг ифлосланишида корхонани айблаб, унинг нуфузига салбий таъсир этадиган ва асосланмаган айбловларни қўймасликларини сўраб қоламиз”, дейилади раддияда.
Бундан ташқари, “Навоийазот” Экология бошқармаси корхонага қарашли санитар лаборатория ходимлари билан ҳамкорликда таҳлил ўтказганини рад этди.
“Аслида эса ўрганиш ишларидан жамият вакиллари хабардор этилмаган. Шунингдек, атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сулфидининг 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқлангани қайд этилган. Аслида аммиак ҳам, водород сулфиди ҳам рангсиз, газсимон модда бўлиб, кўзга кўринмайди, Навоий шаҳрини чангсимон тутун қоплаганини эса аҳоли кўриб, гувоҳига айланди” дейилади хабарда.
19 июль куни соат 7:30—8:00 оралиғида корхона мутахассислари томонидан ўтказилган текширув натижасида ҳаво таркибида аммиак мавжуд эмаслиги аниқланган.
“Жамиятга қарашли тиомочевина цехи жорий йилнинг февраль ойидан буён фаолият юритмаяпти. Демак, атмосферага водород сулфиди чиққани ҳақидаги маълумот мутлақо асоссиз”, дейилади корхона баёнотида.
Қайд этилишича, углерод икки оксиди кўмирнинг чала ёниши натижасида ҳосил бўлади, “Навоийазот”АЖ маҳсулот ишлаб чиқаришда кўмирдан умуман фойдаланмайди.
“Ҳавони ифлослантирувчи омилларни бартараф этишдан корхона ҳам манфаатдор. Шу боис вилоят Экология бошқармаси ходимлари бу вазиятда ёлғон маълумотлар билан “Навоийазот”АЖни асоссиз айбламасдан ҳолатнинг асл сабабчиларини аниқлаб, уларга нисбатан тегишли чораларни кўришса мақсадга мувофиқ бўларди”, дейилади муносабатда.
Навоий вилояти Экология бошқармаси 20 июль куни яна расмий хабар билан чиқди. Унда айтилишича, шу куни соат 06:20 да “Навоийазот” АЖ атрофи визуал ўрганилди. Визуал ўрганиш давомида “Навоийазот” АЖнинг цехида ишлаб чиқариш жараёнида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи ташламалар ташлангани аниқланди. Шунингдек, шамол йўналиши жануби-ғарб томонга йўналгани учун Навоий шаҳар ҳудудига таъсир кўрсатмаган.


Навоий вилояти Экология бошқармаси “Навоийазот” А.Ж ҳудудида текширувларни ўтказиш ва йўл қўйилаётган камчиликларга аниқлик киритиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вакили билан келишилган ҳолда текширувларни ўтказишини ҳамда текшириш ишлари якуни билан қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)