АҚШда жиноят содир этган ноқонуний мигрантлар Салвадордаги мега қамоқхонага депортация қилинганди. Венесуэла депортация қилинганлар орасида фуқаролари бўлгани ва улар қамоқда қийноққа солинганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Венесуэла мигрантларнинг ҳуқуқлари бузилгани сабабли текширув ўтказаётганини эълон қилди. 18 июль куни 250 дан ортиқ венесуэлалик ватанига қайтарилган. Улар март ойидан бери Салвадордаги қамоқда сақланиб келган. Венесуэла бош прокурори Тарек Уилям Саабга кўра, қамоқхонада систематик қийноқлар мавжуд бўлган. Уларга жинсий зўравонлик, кунлик калтаклаш ва яроқсиз овқат бериш ҳолатлари киради. Салвадор ҳозирча бу айбловларга жавоб бермаган.
Сааб муҳожирлар орасида тишлари синган, танаси кўкарганлар борлиги ва буни исботловчи далиллар мавжудлигини айтган. Венесуэла Салвадор президенти Найиб Букеле, адлия вазири Густаво Виллаторо ва қамоқхона бошлиғи Осирис Луна Мезага қарши тергов бошлашини эълон қилган.
Бош прокурор Халқаро жиноий суд (ХЖС), БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳамда АҚШдаги бошқа тегишли ташкилотларни ҳам худди шундай йўл тутишга чақирди.
40 минггача маҳбусни сиғдира оладиган Cеcот мега қамоқхонаси икки йил аввал Салвадорда уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида очилган. Шундан сўнг мамлакатда қотилликлар сони кескин камайган. Салвадор президенти бу қамоқхонада сақланаётган муҳожирлар учун АҚШ тўлов қилишини айтганди.
Изоҳ (0)