Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Миллий диспетчерлик маркази маълумотларига кўра, 16 июлдан 21 июлгача бўлган аномал иссиқ даврда Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юкламаси бўйича янги тарихий рекордлар қайд этилди. Хусусан, биринчи марта электр энергияси истеъмолида ёзги кўрсаткичлар қишки максимал кўрсаткичлардан ошди. Жумладан:
18 июль кунлик истеъмол миқдори 272,6 млн кВт/соат, бу қишки максимумдан (271,8 млн кВт/соат) ва аввалги ёзги рекорддан (253,3 млн кВт/соат) ошиб кетди.
Кеча, 21 июль куни соат 17:00 да энергетика тизимининг максимал қуввати 13,3 ГВт га етди, бу қишки рекорддан (12,5 ГВт) ва 2024 йил июль ойидаги кўрсаткичлардан (11,8 ГВт) юқори.
Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди. Хусусан:
- Суткалик истеъмол — 32,4 млн кВт/соат (2024 йилда кузатилган максимал истеъмол — 30,5 млн кВт/соат)га етиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга кўпни ташкил этди.
- Энг юқори юклама соат 14:52 да — 1 811 МВт (2024 йилда — 1 680 МВт)ни ташкил қилди;
- Жорий истеъмол даражаси 2024 йил июль ойининг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга юқори бўлиб, ой бошидан буён ўсиш 11 фоизни ташкил этди.
Таъкидланишича, истеъмол юқори пайтларда электр тармоқларида узилишларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг филиалларида тун-у кун ишлайдиган аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган. Улар юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиб бормоқда. Айрим жойлардаги электр таъминотида кузатилаётган узилишлар туфайли истеъмолчилардан узр сўралди.
“Шу ўринда истеъмолчилардан электр энергиясидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишларини сўраймиз. Зарурат бўлмаган ҳолларда электр жиҳозларидан фойдаланмаслик орқали ҳам барчамиз тизимда юкламанинг ортишини, носозлик ва узилишлар содир бўлишини олдини олишга катта ҳисса қўшамиз”, дейилади хабарда.
Ўзбекистонда жорий йил 1 августдан чиқинди хизматларидан қарздорлар учун электр тўловига чеклов кучга киради. Бу тартиб чиқиндилар учун тўлов интизомини кучайтиришга доир қонунда белгиланган.
Изоҳ (0)