Исроил фуқаролигини олган фаластинликлар Эроннинг ракета ҳужумлари пайтида бомбапаноҳга киритилмади. Бу ҳақда гувоҳларга таяниб, Al Jazeera хабар берди.

Исроилда фаластинлик фуқаролар — 2 миллион киши ёки аҳолининг тахминан 21 фоизини ташкил этади. Гап Исроилнинг халқаро тан олинган чегараларидаги шаҳарлар ва қишлоқларда яшовчи фуқаролар ҳақида кетмоқда.
Акра яқинидаги яҳудийлар яшайдиган кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи 29 ёшли Самар ар-Рашид ўз ҳикояси билан бўлишди. Унга кўра, сиреналар янграб, ракета ҳужумидан огоҳлантириш бўлганида 5 ёшли қизи билан бошпанага югурган. Аёл ўзи билан бирга сув ва телефондан ташқари ҳеч нарса олишга улгурмаганини айтган.
Саросимага тушган она қизининг қўрқувини енгиллатишга ҳаракат қилиб, ўз қўрқувини яширган. Аммо бошпана эшиги олдида унинг арабча гапираётганини эшитган Исроил фуқароси киришни тўсиб, эшикни ёпиб қўйган.
“Мен ҳайратда қолдим. Мен иброний тилини яхши биламан. Тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин у менга нафрат билан қараб: ‘Сиз учун эмас’ деди, холос”, деб тасвирлаб берган аёл.
Исроилнинг фаластинлик фуқаролари узоқ вақтдан бери уй-жой, таълим, бандлик ва давлат хизматларида тизимли дискриминацияга дучор бўлиб келади. Исроил фуқаролигига эга бўлишига қарамай, уларга кўпинча иккинчи даражали фуқаролар сифатида қаралади. Адалаҳ — Исроилдаги араб ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий марказ маълумотларига кўра, 65 дан ортиқ қонунлар бевосита ёки билвосита Фаластин фуқароларини камситишга қаратилган.
Изоҳ (0)