Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазодаги вазиятни тартибга солиш учун АҚШ президенти Жо Байден томонидан қўллаб-қувватланган келишув режасига 29 та ўзгартириш киритишни сўради. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Хабарга кўра, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху уларнинг барчасини рад этган.
ҲАМАС Байден тақдим этган режага 29 та ўзгартириш киритишга уринди, Нетаньяху бу ўзгаришларни рад этди, деди Исроил ҳукумати идорасининг маслаҳатчиси Дмитрий Генделман.
Унинг қўшимча қилишича, “Исроил Байден томонидан қўллаб-қувватланган режадан бир миллиметр ҳам четга чиқмаган”. Жумладан, Исроил томони бирорта шартни қўшмаган ёки олиб ташламаган. Исроил ҳам ҲАМАСдан режадаги ўзгаришларга рухсат бермаслигини таъкидлаган.
Кейинги қадамни ҲАМАС қўйиши, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган келишув шартларини қабул қилиши керак, дейди Генделман.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича уч босқичдан иборат янги келишув лойиҳаси шартларини эълон қилган эди. Биринчиси олти ҳафтага мўлжалланган бўлиб, тўлиқ ўт очишни тўхтатиш, исроиллик қўшинларини аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетиш, Исроил қамоқларидан юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод этишни назарда тутади.
Бу даврда томонлар музокараларни бошлаши керак ва ўзаро келишувга эришилгунга қадар сулҳ ўз кучида қолади. Иккинчи босқич барча гаровга олинганларни, жумладан, ҳарбий хизматчиларни ҳам озод қилишни назарда тутади. Учинчи босқич — Ғазони тиклаш ва ҳалок бўлган исроилликларнинг қолдиқларини яқинларига топширишни ўз ичига олади.
Изоҳ (0)