Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

“Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган матбуотида, телерадиоканаллар, интернет нашрлари, нашриёт ва матбаа корхоналарида, ахборот хизматлари ва платформаларида ўз бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, ҳурматли журналистлар, муҳтарам фахрийларни, барча ижодий ва техник ходимларни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман”, дейилади табрикда.
Давлат раҳбари миллий манфаатларни ҳимоя қиладиган журналистларни Ватан посбонларига қиёслади.
“Глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини ҳаммамиз сезиб-англаб турибмиз. Шу маънода, бепоён медиаоламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади”, деган президент ўз табригида.
Шавкат Мирзиёев айни вақтда оммавий ахборот воситаларида холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш, профессионал билим ва маҳоратни ошириб бориш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, аҳоли ўртасида ахборот, баҳс ва мулоқот маданиятини шакллантириш, жамиятимиздаги турли иллатлар, коррупция балосига қарши курашиш каби долзарб вазифалар бўйича ҳали кўп иш қилиш зарурлигини қайд этди.
Мамлакатда журналистлар ва ижодий жамоалари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, бу йил “Олтин қалам” миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилмоқда. Президент фурсатдан фойдаланиб, шу куни улар иштирокида тантанали равишда тақдирланадиган барча танлов ғолибларини ва юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини табриклади.
Бугунги кунда республикада 2 минг 400 га яқин оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади. Хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурсларидан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етган.
Изоҳ (0)