Қозоғистон Мудофаа вазирлигида сунъий интеллект (СИ) технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришга масъул бўлган махсус бўлинма ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Янги бўлинма Мудофаа вазирлигида “жараёнларни оптималлаштириш ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш”га хизмат қилади. Унинг вазифалари қуйидагилар:
- катта маълумотларни таҳлил қилиш;
- бошқаришни автоматлаштириш;
- тезкор сценарийларни моделлаштириш;
- ҳарбий вазиятда бошқарув қарорларини қабул қилиш тезлигини ошириш.
Бўлинма Қозоғистон ва хориждаги университетлар, илмий марказлар ва IT-компаниялар билан ҳамкорлик қилади.
Сунъий интеллектни жорий этиш бўйича бўлинмани ташкил этиш кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга ҳам қаратилган: замонавий алгоритмлар ва тизимлар билан ишлай оладиган таҳлилчи офицерлар ва рақамли технологиялар бўйича мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилган, дейди Мудофаа вазирлиги.
Маълумот ўрнида, ёз бошида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев армияни рақамлаштиришга ва сунъий интеллектдан фойдаланишга чақирганди. Кейинчалик мудофаа вазири ўринбосари Дарҳан Аҳмедиев тез орада Сунъий интеллект бошқармаси ташкил этилишини айтган.
Тез орада Мудофаа вазирлигида Сунъий интеллект бошқармасини ишга туширамиз. Ҳозир жамоа йиғяпман. Агар муносиб номзодларингиз бўлса, ёзинг. Маош яхши, кучли ижтимоий пакет ва армиядан турли имтиёзлар бор, деган эди у.
Изоҳ (0)