Владимир Путин имзолаган янги қонун билан эндиликда Россия Федерациясида яшовчи Беларусь фуқаролари маҳаллий сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Қолаверса, уларга маҳаллий лавозимларга ўз номзодини қўйиш имконияти ҳам берилади.
Қонун Россия ва Беларусь ўртасида 1998 йили ратификация қилинган “Ўзаро ҳуқуқлар тўғрисида”ги битимга март ойида киритилган ўзгартиришлардан кейин қабул қилинди. Янгиланган ҳужжат икки давлат фуқаролари ўртасида тенг ҳуқуқлиликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Беларусь юрисдикциясида РФ фуқароларига маҳаллий сайловларда қатнашиш ҳуқуқини берувчи қонун аллақачон бор. Путин мазкур ташаббус беларусларни Россия фуқаролик жамиятига янада чуқурроқ интеграция қилишини таъкидлади. Беларусь расмийлари эса келгусида бу амалиётни минтақавий даражадаги сайловларга ҳам татбиқ этиш режаси борлигини билдирди.

Москва ҳамда Минск 1999 йили имзоланган Иттифоқ Давлати шартномаси доирасида умумий валюта, ягона ҳуқуқий тизим, қўшма мудофаа ва ташқи сиёсатни кўзда тутган интеграция сиёсатини олиб бормоқда.
Изоҳ (0)