Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Ливан парламенти спикери Набиҳ Беррига ўз қуролларини топширмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда Аl-Arabia телеканали хабар берди.

Телеканал манбаларига кўра, гуруҳ раҳбарияти, ҳатто Исроил мамлакат жанубидаги баҳсли ҳудудлардан чиқиб кетган тақдирда ҳам, ўз қарорини ўзгартирмайди. Шу билан бирга, “Ҳизбуллоҳ” ҳукумат билан қарама-қаршиликка тайёр эканини билдирган.
Мазкур позиция қурол-яроғларни фақат давлат назоратида сақлашга ҳаракат қилаётган ҳукумат аъзолари томонидан салбий қарши олинди. Улар “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан урушда ҳолдан тойганига ишора қилиб, бу “муаммони ҳал этиш учун бой берилган имконият” эканини айтишган.
Қўшма Штатлар Ливандаги янги ҳокимиятдан Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш бўйича чора кўришни талаб қилмоқда. АҚШ махсус вакили Том Баррак шу ҳафта Ливанга ташриф буюриб, ҳаракатни қуролсизлантиришга қаратилган йўл харитасини муҳокама қилди.

Ливан президенти Жозеф Аун эса махсус вакилга “давлат назоратини бутун мамлакатга ёйиш, қуролни фақат армияда сақлаш, уруш ёки тинчлик бўйича қарорларни конституцион органлар қабул қилишини таъминлаш”ни назарда тутувчи меморандум лойиҳасини топширди.
“Ҳизбуллоҳ” Исроил билан урушда сезиларли даражада заифлашди. Келишувга кўра, у Литани дарёсининг шимолига чекиниши, жанубда эса Ливан армияси ва БМТ тинчликпарвар кучлари қолиши керак эди. Исроилдан эса қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш талаб этилган. Аммо яҳудий давлати вақти-вақти билан Ливанга зарба бериб, ҳаракат қўмондонлик занжиридаги муҳим шахсларни нишонга олмоқда.
Изоҳ (0)