Қозоғистонда лазер билан самолёт учувчилари кўзини қамаштирганларга жазо белгиланади. Бу ҳақда “Нур.кз” хабар берди.

Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилган. Бунга йўловчи самолётлари экипажларининг кўзини лазер қурилмалари билан қамаштириш ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлмоқда.
Одатда, бундай безорилик самолётларнинг қўниши ёки учиши пайтида содир этилади. Бу каби хатти-ҳаракатлар ҳаво кемаларидан фойдаланиш хавфсизлигига таҳдид солади, дейди Адлия вазирлиги Жамоат тартиби соҳасидаги қонунчилик департаменти директори Думан Сулейменов.
Унинг айтишича, 2023 йилда учувчиларнинг кўзини лазер қурилмалари билан қамаштириш бўйича 60 та ҳолат қайд этилган. Шулардан 35 таси бўйича суд жараёнига қадар тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари “Безорилик” моддаси асосида қўзғатилган. Бироқ 33 та иш жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли тўхтатилган, 2 та иш бўйича эса тергов жараёни тўхтатиб қўйилган.
Энг кўп ҳолатлар Олмаота шаҳри халқаро аэропортида қайд этилган. 6 йил давомида учувчиларни кўзини қамаштириш билан боғлиқ 98 та ҳолат рўйхатга олинган. Дунёда бундай ҳаракатлар учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Австралия, Германия, Янги Зеландия, Канада ва АҚШда бундай ҳаракат лазерли ҳужум сифатида жиноят деб тан олинади. 2016 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексига “Ҳаво кемасидан фойдаланиш пайтида лазер нури билан тўсқинлик қилиш” деган янги модда киритилди. Жазоси 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан белгиланган.
Германияда бундай қилмиш учун 315-модда “Темир йўл, сув ёки ҳаво транспорти ҳаракатига хавфли аралашув” бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган. 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) лазер нурларининг ҳаво ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солишини тан олади, дея изоҳ берди Думан Сулейменов.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида лазер нурини йўналтириш орқали халақит берганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 116−1-моддасида жавобгарлик назарда тутилган.
Бунда БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси қўлланади. Ҳаракат қайта содир этилса, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)