Мадриднинг “Реал” клуби “Бенфика” сафида тўп сураётган чап қанот ҳимоячиси Альваро Каррерасни ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Манбага кўра, музокаралар доирасида “Реал”нинг ёшлар жамоаси футболчиси, чап қанот ҳимоячиси Рафаэл Обрадорнинг “Бенфика”га ўтиши ҳам кўриб чиқилмоқда. Трансфер бўйича келишув деярли якуний босқичга етган ва Обрадор яқин кунларда португалияликлар сафига қўшилиши кутилмоқда. Каррерас трансфери эса Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати якунлангач расман эълон қилинади.
Маълумот учун, Каррерас 2017 йилдан 2020 йилгача “Реал”нинг ёшлар жамоасида тўп сурган. Шундан сўнг у эркин агент сифатида “Манчестер Юнайтед” сафига қўшилган. Англия клуби 2024 йилда уни 6 миллион евро эвазига “Бенфика”га трансфер қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Альваро Каррерас ўтган мавсум “Бенфика” сафида жами 52 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 35 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)