4 кунлик иш ҳафтаси бўйича 6 ойлик тажрибада қатнашган барча 17 та Британия компанияси шу тартибда ишлашни давом эттиришга қарор қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жами 1000 га яқин ходим ишлайдиган компаниялар раҳбарияти ходимларнинг иш самарадорлиги пасаймаганини, айрим компанияларда эса ҳатто сотувлар ошганини эътироф этган. Иш кунлари қисқартирилган бўлса-да, ходимларнинг иш ҳақи аввалги даражада сақланиб қолган.
Тажриба 2024 йил ноябрдан 2025 йил апрелгача халқаро 4 Дай Week ташкилоти лойиҳаси доирасида Оксфорд, Кембриж ва Бостон университетлари олимларининг кўмагида ўтказилган.
2022 йилда Буюк Британияда худди шу лойиҳа доирасида иш тартибини ўзгартириш бўйича синов тажрибаси ўтказилган эди. Унда 70 дан ортиқ компания иштирок этган. Уларнинг 86 фоизи 4 кунлик иш ҳафтасини жорий қилишга қарор қилган.
Лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг таъкидлашича, иш ҳафтасининг қисқариши ходимларнинг руҳий саломатлигига тушадиган юкни камайтиради, уларни янада сифатлироқ ишлашга ундайди ва иш берувчиларга бундай шартларга рози бўладиган янги ходимларни ёллаш осонроқ кечади.
Фаоллар ва айрим иқтисодчиларнинг фикрича, тўрт кунлик иш ҳафтаси ходимларга фойда келтириши, жумладан, уларнинг руҳий саломатлигига тушадиган юкни камайтириши, корхоналарга эса ходимлар мотивациясини ошириш ва кадрларни ишга қабул қилиш ҳамда ушлаб қолиш жараёнини осонлаштириши мумкин.
Бостон коллежи тадқиқотчилари сўнгги синов натижалари ходимлар учун “ғоят ижобий” бўлганини маълум қилишди. Улар 89 киши ўртасида ўтказилган сўровга кўра, ходимларнинг 62 фоизи синов пайтида камроқ толиқиш ҳис қилганларини аниқлади. Сўралганларнинг 45 фоизи эса ўзларини “ҳаётдан кўпроқ мамнун” ҳис қилганларини айтишган.
Изоҳ (0)