«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
Кремлнинг дўсти ва G7 ташкилотчиси Валери Жискар д’Эстен ҳақида
Франциянинг собиқ президенти Валери Жискар д’Эстен коронавирусдан вафот этди, деб ёзади BBC нашри. Парижнинг 16-округидаги катта квартирасида тарихнинг изи кўринарди. Квартирадаги Франция тарихий шахсларининг портретлари, француз маданиятининг ҳайкалтарошлик намуналари, италянча услубдаги қадимий мебель жиҳозлари унинг ўзи билан биргаликда чоршанба куни тарихга айланди.Жискар д’Эстен француз президентлари орасида энг узоқ умр кўрган президент сифатида ҳам тарихда қолди. 94 ёш – салкам бир аср Жискар д’Эстеннинг ўзини ҳам тарихга айлантирди. Французлар уни «экс» – «собиқ» дея атаганларида гап ким ҳақида кетаётганини англаб олса бўларди.
Жискар д’Эстен Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, 1957 йилда Рим шартномасини имзолаб, бугунги Европа Иттифоқини вужудга келишига ҳисса қўшган тарихий шахслардан бири сифатида хотирланади. Унинг сиёсий қарашлари асосан консервативликка мойил бўлса-да, собиқ президент умрининг охиригача фикрлашининг тиниқлиги билан француз сиёсатдонлари орасида фикри тош босадиган собиқ президент сифатида эътироф этиб келинди.
Париж-Бон ўқи ташкилотчиси 1926 йилнинг 2 февраль санасида Германиянинг Кобленц шаҳрида дунёга келди. Жискар д’Эстеннинг оиласининг келиб чиқиши немис музофотига тўғри келиб қолгани немисларга ёқмаса-да, дадаси АНТАНТА тарафидан ишғол қилинган Рейн вилояти бошқармасида фаолият юритарди. Жискар д’Эстеннинг онаси Бурбон сулоласининг узоқ қариндоши эди.
Жискар д’Эстен 36 ёшида Франциянинг энг ёш молия вазири сифатида иш бошлайди ва бу лавозимни де Голль ва Жорж Помпиду президентлиги даврида умумий ҳисобда тўққиз йил давомида эгаллаб келади. Рақамларни хушламайдиган де Голль ундан иқтисоддаги рақамлар ҳақида сўрашганда, «Жискардан сўранг, унинг хотираси яхши ва сиз хоҳлаган маълумотни беради», дея жавоб қайтарарди. Иттифоқчилар қўшинлари Нормандияга десант туширган пайтда Жискар д’Эстен де Голль армиясига ихтиёрий тарзда қўшилади ва француз ҳамда америкалик ҳарбийларнинг бир қатор урушда кўрсатган қаҳрамонлиги учун медаллари билан тақдирланади.
Урушдан кейинги даврда Жискар д’Эстен Франциянинг энг нуфузли Миллий политехника мактаби ва Миллий бошқарув мактабини тамомлайди. 29 ёшида Миллий кенгашнинг депутати бўлиб сайланади. Ёш вазир хонасида АҚШ президенти Жон Кеннедининг сурати турар, журналистлар ёш вазир президент бўлиш нияти борми, деб сўрашганда, Жискар д’Эстен «Ҳа» деб жавоб берарди. 1974 йилга келиб, Жискар д’Эстеннинг азалий орзуси рўёбга чиқди. Президентлик сайловларида у Француа Миттеранни кичик ҳисобда мағлуб этиб, Франция президенти бўлди.
Жискар д’Эстеннинг президентлик даври Франция тарихида улкан қурилишлар даври бўлди: темир йўллар қурилди, атом электростанцияси битказилди, аҳолининг турмуш даражаси фаровонлашди, сайлов ёши 18 этиб белгиланди, Европа ва океанорти муносабатлари анча барқарорлашди. Жискар д’Эстен президентлик даврида немис ҳамкасби Гельмут Коль билан тил топа олдики, бу ҳозирга қадар Европа Иттифоқи раҳбарлари орасида илиқ хотиралар билан эсга олинади.
Унинг ташаббуси билан 1975 йилда Катта еттилик давлатлари раҳбарлари Франциядаги Рамбуя шаҳрида илк марта учрашув ўтказди. 2001 йилда Жискар д’Эстен катта сиёсатдан кетганига 20 йил бўлганига қарамасдан, Европа Иттифоқи раҳбарлари собиқ президентдан Европа Иттифоқи конституциясини ишлаб чиқишда бош бўлишини илтимос қилди. Француз сайловчилари мазкур лойиҳа учун овоз бермаган бўлса-да, бу лойиҳа 2009 йилга келиб Лиссабон шартномаси номи остида амалиётга татбиқ қилинди.
Жискар д’Эстен Европани бирлаштиргани учун Жан Моне фонди олтин медали, Буюк Карл премияси ва де Гол-Аденауэр жамғармаси мукофотларига сазовор бўлди. Сўнгги пайтларда у Брекзит атрофидаги тортишув ва баҳслар ҳақида фикр билдирар экан, «Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши унчалик ҳам катта йўқотиш эмас, чунки Британия азалдан Европа сиёсатидан айро иш тутиб келган», деган фикрларни билдирганди. Шунингдек, Жискар д’Эстен де Голлнинг антиамерикача кайфиятини ёқламасдан, Францияда НАТО кучлари бўлиши керак, деган ғояни илгари суриб келган бўлса-да, унинг ғоялари 2009 йилга келиб амалга ошди.
Собиқ президентнинг Совет Иттифоқи билан ҳам алоқалари ўзига хос эди. Бошқа ғарб давлатларига солиштирганда Жискар д’Эстен ҳаттоки Леонид Брежнев билан ўз соғлиғи борасидаги ахборотлар билан фикр алмашарди. Француз президенти Москвада 10 дан ортиқ ташриф билан борди. Қрим борасида эса Жискар айланма ва мавҳум жавоблар бериши билан ҳам машҳур. Унинг назарида, Қримдаги вазиятни бартараф қилиш учун ўлкада такрорий референдум ўтказиш энг мақбул йўл сифатида баҳоланади.
1985 йилда Жискар д’Эстен иккинчи муддатга президент сифатида номзодини кўрсатди, аммо азалий рақиби Француа Миттеранга сайловларда мағлуб бўлди. У Напалеоннинг Москвага қадам қўйиши ва «Малика ва президент» асарлари муаллифи ҳисобланади. Унинг икки ўғли ва икки қизи бор. 61 ёшли ўғли Луи ҳозирда Эстенлар шаҳарчасининг ҳокими сифатида фаолият юритади.
Муҳсин Фахризоданинг ўлими Яқин Шарқ дипломатиясига қандай таъсир қилади?
Эронлик физик олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши Исроил ва Жо Байденнинг Яқин Шарқдаги дипломатиясига қандай таъсир қилиши бир қатор муаммоларни юзага келтириб чиқаради, деб ёзади Тurkiye нашри.Ўтган ҳафта Эрон учун катта йўқотишлар ҳафтаси бўлди. Мамлакат ядро физикаси отаси бўлмиш Муҳсин Фахризода Теҳрондан унча узоқ бўлмаган жойда ўлдирилди. Бундан аввал эса Қосим Сулаймони АҚШ тарафидан ўлдирилган эди. Эрон ҳукуматининг Фахризода ўлими юзасидан Исроилга қандай жавоб бериши анча қизиқ.
Қизиқ жиҳати шундаки, Қосим Сулаймоний ва Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши Исроилнинг хавфсизлик кучлари Моссад билан алоқадор. Дунё матбуоти бу икки ўлимда Исроил хавфсизлик кучлари АҚШ ва бошқа иттифоқчи давлатларининг маълумотларини синчиклаб ўрганганини иддао қилиб хабар тарқатди.
Фахризоданинг қотиллиги бир қатор саволларни юзага чиқарди. Аввало, Яқин Шарқдаги сиёсий қотиллик сўнгги пайтларда қотиллик, иқтисодий жазо чоралари ва терроризм ёрдамида амалга оширилмоқдами, Эрон ва Исроил ўртасидаги адоватни ҳисобга олган ҳолда, сўнгги пайтларда бу икки давлат ўртасидаги муносабатларда Исроил тарафи провакацион усуллардан фойдаланиб, Эронга зарба беришни истамоқдами ва Фахризоданинг ўлими бир тарафдан Эрон, иккинчи тарафдан Исроил ва Байден бошчилигидаги АҚШ муносабатларига қайт тарзда таъсир қилади каби саволларга жавоб бериш талаб этилади.
Қотиллик Эронда кузатилган ягона ҳодиса эмас, бундан аввал ҳам Исроил хавфсизлик кучлари эронлик олимларни жисмонан йўқ қилишда бир қатор ҳарбий амалиётлар ўтказган. Мисол учун, 2010 йилда Имом Ҳусайн университети профессори Масъуд Али Муҳаммадий Теҳрон яқинида юз берган теракт натижасида ҳаётдан кўз юмди. Ҳаракатга келувчи бомба Масъуд Али Муҳаммадий автомобили ёнидаги мотоциклга жойлаштирилиши натижасида портлаган ва профессор ҳаётдан кўз юмган эди. Кейинроқ эса Беҳишти университетининг физик олим профессори Мажид Шаҳриёри ва Фаридун Аббоси ҳам теракт қурбонларига айланди. Фаридун енгил тан жароҳати олиб, соғайиб кетди.
2012 йилнинг январь ойида Теҳрон шарқида Натанз ядро тадқиқот институтининг профессори Мустафо Аҳмад Равшаний теракт қурбонига айланди. Мотоциклда ҳаракатланаётган икки номаълум шахс Равшаний автомобилига портловчи ускунани улоқтириб, воқеа жойидан ғойиб бўлган эди. Эрон ҳукумати мазкур воқеада ҳам Исроил ҳукуматини айблаб чиқди. 2012 йил май ойида Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида Мажид Жамол Фоший эронлик физик олимларга суиқасд уюштирганликда айбланиб қатл қилинди.
Бу йилги Эронда инқилобий кучларга дахлдор бўлган намоёндаларнинг ўлдирилиши, жумладан, Қосим Сулаймонийнинг қотиллиги-ю Муҳсин Фахризоданинг ўлими халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилиши, Эрондаги махфий қўпорувчилик амалиётлари ва ёнғинлар, АҚШнинг Эронга нисбатан киритган иқтисодий жазо чоралари – ҳаммаси Эронга нисбатан номланмаган аёвсиз кураш очилганидан далолат.
Қизиқ жиҳати шундаки, Эрон рақиблари ўз душманларини бир қадам ортда қолдирмоқда. Расмий Теҳрон эса ўз рақиблари Тел Авив ва Вашингтонга жавоб қайтаришда қийналиб қолмоқда. Бу эса Исроилни Эронга нисбатан янги ҳужум ва ҳамлаларга рағбатлантирмоқда. Теҳрон бу қадами орқали янги президент Жо Байден ҳукумати билан янги имзоланадиган шартномалардан умидвор бўлаётган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Эрон Исроилга қарши жавоб чораларини ҳам кўриши мумкин, бироқ АҚШ Исроил тарафини олиши расмий Теҳронни ўз ҳаракатларини пайсалга солишга ундаётгани тахмини ҳам мавжуд. АҚШдаги яҳудийларнинг лоббиси эса нафақат Трампни, балки Байденни ҳам Теҳронга нисбатан ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилувчи омил бўла олади.
Эрон ҳам «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи орқали Исроилдаги вазиятга «аралашиши» мумкин, бироқ Эроннинг Исроилдаги ҳаракатларини амалга оширадиган захира мавжуд эмас. Исроил эса радикал қадамлари билан Байден ҳукуматини Эронни жиловлаш борасида турли воситалардан фойдаланган ҳолда ўз ўқи атрофига олмоқчи кўринади. Нетаньяхунинг асосий мақсади эса Эронни кутилмаган хатога йўл қўйишга ундаш орқали, Вашингтонни Эронга қарши кескин чоралар кўришга мажбур қилиш бўлиб қолмоқда. Исроил учун Байденнинг Эрон билан ядро келишуви борасида имзоланган шартномани қайта кўриб чиқилишига йўл қўйиб бўлмайди. Эрон эса сабрли бўлишга маҳкум.
Ёмонлашган АҚШ-Хитой муносабатларини Байден қандай қилиб яхшилайди?
Дональд Трамп президентлиги Хитой ва АҚШ муносабатларининг энг ёмонлашган даври сифатида тарихда қолди. Савдо урушлари, иқтисодий жазо чоралари, хитойлик амалдорлар учун татбиқ қилинган АҚШга кириб чиқиш борасидаги чекловлар икки мамалакт ўртасидаги муносабатларни анча ёмонлаштирди, деб ёзади «Lenta.ru» нашри.Совет Иттифоқи парчалангач, ҳозирда Хитой АҚШнинг энг асосий рақибига айланди. Нашр муаллифи фикрича, Хитой ва АҚШ муносабатларининг совуқ уруш ҳолатига келишида амалдаги президент Дональд Трамп айбдор. Трамп Жо Байденнинг Хитойга нисбатан кайфиятини билгандек Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларни янада боши берк кўчага кириб қолишини истаётгандек ҳаракат қилмоқда. Жо Байден АҚШ ва Хитой муносабатларини қай тарзда яхшилай олиши мумкин, деган савол эса барчага қизиқ.
2001 йилда Байден Шинжондаги уйғурлар ҳуқуқларининг поймол қилиниши, репрессияларга кўз юмган ҳолда Хитой раҳбариятини «дунё иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини» олқишлаб чиққанди. Бу эса Байденнинг нозик рақиблар билан қандай тил топиша олишидан бир намуна ҳам бўлганди.
Орадан йигирма йил ўтди ва Хитой дунё иқтисодиётининг юрагига айланишга улгурди, аммо ўз тизимини демократлаштириш ёки ғарб андозаларини қабул қилиш борасида бир қадам ҳам ташламади. Хитой учун инновацион технологияларни жорий қилиш бош мақсадга айланди. АҚШ ва ғарбнинг инсон ҳуқуқларини поймол қилиш борасидаги айбловлари Хитойни четлаб ўтмоқда. Қолаверса, Трамп айтганидек, Хитойнинг ЖССТдаги иштироки «АҚШ учун ҳалокатли» таъсирга эга бўлмоқда.
Собиқ АҚШ президенти Хитой ҳақида фикр билдирар экан, «2008 йилдаги иқтисодий инқироз даврида Хитойга нисбатан савдо уруши олиб боролмаслигини» маълум қилди. Обаманнг кечиккан савдо урушини Трамп амалга оширди. Трамп Си Сзин Пинни «буюк шахс» деб атаган бўлишига қарамасдан, икки гигантларнинг муносабатлари анча кескинлашди. Бизнесмен президент ҳисоб қилиб кўрса, осиёлик дўсти АҚШда йилига 300–400 миллиард доллар пул ишлаб олмоқда, америкаликлар эса Хитойда бунча пул топишдан маҳрум. Бизнесмен президент дарҳол Хитойни сиқувга олишга киришиб кетди.
Трамп ўз ишини Хитой маҳсулотларига бож тўловларини оширишдан бошлаб юборди. Секин-аста бошқа чекловлар ҳам татбиқ қилинди. 2020 йил бошларида икки мамлакат муносабатларни ҳал қилиб олиш борасида музокара ўтказишга уриниб кўрди-ю, аммо музокаралар охирига етмай тўхтаб қолди. Трамп Хитойни коронавирусни тарқатганликда айблай бошлади ва COVID-19 ни Хитой вируси деб атаб олди. Вазият шу даражага бориб етдики, АҚШ Хитойни Шинжондаги уйғур халқининг ҳуқуқларини бузганликда, Хитой технологик компанияларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, расмий Пекиннинг Тайван, Гонгконг ва Жанубий Хитой денгизидаги агрессив ҳаракатларда айблай бошлади ва ҳаттоки Хюстондаги Хитой консуллиги ёпилишини эълон қилди.
Байден эса Хитой борасида қандай сиёсат тутишини собиқ сиёсатчи Генри Kиссинжернинг мазкур гаплари ҳам исботлайди. У бир нутқида «Агар Хитой билан муносабатлар қайта тикланмаса, дунё ҳамжамияти Биринчи жаҳон урушига бориб қолади… Натижада инқироз юз берадики, бу инқирозни ҳеч қандай диалог билан тўғрилаб бўлмайди, дунё низо ёқасига келиб қолади», деган эди. Хитой билан АҚШ сиёсатини қайта кўриб чиқиш борасида фикр билдирмоқда. Бироқ Хитойдаги сиёсатчилар назарида Жо Байден даврида АҚШ ва Хитой муносабатлари Обама давридагидек бўлмаслигига кўпроқ ишонади. Айрим хитойлик сиёсатшунослар эса Байден ва расмий Пекин муносабатлари кўп томонлама ҳамкорлик асосига қурилиши ҳақида фикр билдирмоқда.
Байден ўз сайловолди кампаниясининг шиоридан келиб чиққан ҳолда иш юритади (Build back better). Бу шиор Трамп даврида икки қутбга бўлиниб кетган америкаликларни бирлаштириш ва АҚШдаги илмий тадқиқот институтларини самарали молиялаштиришдан иборат. Бу сиёсат эса ўз-ўзидан АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат давом этажагидан далолат.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)