Ўзбекистонда 2025/26-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълум қилишича, қабул якунига кўра онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 732 411 нафарни ташкил этди.
Абитуриентларнинг таълим тили бўйича тақсимоти:
- ўзбек тили — 644 027 нафар;
- рус тили — 71 476 нафар;
- қорақалпоқ тили — 14 959 нафар;
- бошқа тиллар — 1 949 нафар.
Абитуриентларнинг гендер таркиби бўйича тақсимоти:
- эркаклар — 346 299 нафар;
- аёллар — 386 112 нафар.
Рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони сўнгги 7 йилдаги энг кам миқдорни ташкил этди
Охирги 7 йилдаги абитуриентлар сонига қаралса, жорий йилда рўйхатдан ўтганлар энг кам миқдорни ташкил этганини кўриш мумкин:
- 2019 йил — 1 млн 66 минг 925 нафар;
- 2020 йил — 1 млн 484 минг 85 нафар;
- 2021 йил — 948 минг 211 нафар;
- 2022 йил — 1 млн 214 минг 232 нафар;
- 2023 йил — 1 млн 18 минг 7 нафар;
- 2024 йил — 894 минг 279 нафар;
- 2025 йил — 732 минг 411 нафар.
Рўйхатдан ўтган абитуриентлар тест синови учун тўловни 26 июнь куни соат 23:59 га қадар амалга ошириши мумкин.
Жорий йил битирганлар учун тестга кириш текин, аввалги йилларда битирганлар 187 минг 500 сўм тўлаши керак. Тўловни амалга оширмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтмаган деб ҳисобланади ва тест синовларига қўйилмайди.
Қуйидагилар ҳам тўловдан озод қилинган:
- Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари;
- тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар;
- ногиронлиги бор шахслар;
- ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар.
Президент фармонига кўра, 2025/26-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий таълим тизимида сиртқи шаклда ўқишга қабул тўлиқ тўхтатилди. Сиртқи таълим ўрнига кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, айни вақтда Ўзбекистонда жами 201 та олийгоҳ фаолият юритмоқда.
Изоҳ (0)